Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистони ва Индонезия туристик компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси республикамизга сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида туристик компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Саудия Арабистони сайёҳлик ширкатлари ва Индонезия туркомпанияларининг Подшоҳликдаги вакилларига Ўзбекистонда халқаро туризмни ривожлантириш бўйича яратилган қулай шароитлар, тақдим этилаётган имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди. Самарқанд, Хива, Бухоро, Тошкент ва бошқа тарихий шаҳарларнинг сайёҳлик салоҳияти, ноёб тарихий ва меҳморчилик иншоотлари, шунингдек, табиатнинг гўзаллиги ва ранг-баранглиги, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари, урф-одатлари ва байрамлари ҳар йили кўплаб сайёҳларни жалб қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Экспертлар эътибори Ўзбекистонда яратилган замонавий сайёҳлик инфратузилмаси, туризмнинг ўзига хос турлари (“гастрономик туризм”, “экологик туризм”, “қишки туризм”) ҳамда мамлакатимиз меҳмонлари учун яратилган қулай шарт-шароитларга қаратилди.
Тақдим этилган маълумотлар соҳа вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Индонезиянинг “Jejak Imani” ва “Jannah Firdaus” туркомпаниялари Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан манфаатдорлик билдирди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1249 марта ўқилди

Янгиликлар

Top