Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Қозоғистон Республикасининг Шимкент шаҳрида тасаввуф илми ривожига катта ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда туркий давлатларнинг диний соҳа вакиллари ва бир қатор олимлар иштирок этди. Мазкур анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳам қатнашиб, Аҳмад Яссавий Туркий халқларнинг маънавий камолотида муҳим ўрин тутгани, айниқса ҳикматлари тўғридан-тўғри Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар негизида шаклланиб, унда ахлоқий хислатлар кенг тарғиб қилингани ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга ўсиб келаётган ёшларга Хожа Аҳмад Яссавий бой меросини ўргатиш муҳимлигини қайд этиб, бу каби халқаро миқёсдаги анжуманларни кўпроқ ўтказиш эзгу мақсадларга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати