Ўзбекистон янгиликлари

Билим юртида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди

Бугун Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди. Унда билим юрти устоз-ўқитувчилари, гуруҳ раҳбарлари, талаба-ёшлар ва ота-оналар қатнашди.
Очиқ эшиклар кунини ўтказишдан асосий мақсад талабаларнинг тарбиясига икки томонлама ҳам таълим муассаси ҳам ота-оналар томонидан этиборни янада кучайтириш бўлиб, мазкур тадбирда ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбия олаётган ўқув даргоҳи билан яқиндан танишиб, уларга яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Шу билан бирга учрашув давомида ўқув жараёнида талабаларнинг фаоллиги, давомати ва дарсни ўзлаштириши, уларни янада руҳлантириш ва рағбатлантириш, гуруҳ раҳбарлари ва ота-оналари билан биргаликда доимий иш олиб бориш орқали талабаларни икки тарафлама назорат қилишни йўлга қўйиш, 2022–2023-йилларга мўлжалланган шартнома тўловлари ва муддатлари билан таништирилди.
Қуръони Карим тиловати ва дуо билан бошланган тадбирни билим юрти ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А. Ережепов кириш сўз билан очиб, бугунги куни юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, ҳукуматимиз томонидан Ислом билим юртларига қаратилаётган эътибор ва уларда яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапириб ўтди.
Ундан сўнг билим юрти ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари С. Қудайбергенов сўзга чиқиб, талабаларнинг ўқиш фаолиятидаги одоби, хулқ-атвори ва дарсларни ўзлаштириш даражаси ҳақида ота-оналарига маълумот берди.
Сўнгра ота-оналар фарзандлари таълим олаётган билим юртининг шарт-шароитлари билан яқиндан танишди. Бу ердаги ўқув хоналари, компьютер хоналари, кутубхона, ошхона, спорт зал, мини футбол майдончаси, ётоқхона ва ювиниш хоналарида яратилган шароитлар билан танишиб, фарзандлари қаерда ва қандай шароитда таълим олаётганини кўриб гувоҳи бўлишди.
Тадбир сўнггида ота-оналар мазкур яратилган имкониятлар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва билим юрти раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Билим юрти матбоут хизмати

1368 марта ўқилди

Янгиликлар

Top