Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар фаол бўлиши лозимлиги таъкидланди

Бугун, 7 ноябрь куни Фарғона шаҳридаги Политехника институтида Фарғона вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирокида ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев, Дин ишлари бўйича қўмита Масжидлар бўлими мудири Муҳиддин Ҳакимов, Диний идора Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов ҳамда вилоят бош имом-хатиби Убайдулло домла Абдуллаев қатнашди.

Йиғилишда вилоят имом-хатиблари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди, келгуси фаолиятни самарали ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда сўзга чиққан мутасадди раҳбарлар бугунги кунда мамлакатимизда барча жабҳаларда бўлаётгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда имом-хатиблар доимо фаол бўлишлари лозимлигини қайд этишди. Ҳозир дунёдаги вазият ҳар бир кишини огоҳлик ва хушёрликка ундаётгани, илм аҳли эса халқни эзгуликка чорлашда бардавом бўлиши, айниқса, ижтимоий тармоқларда турли ёт ғояларга қарши илмий жавобларни бериб боришлари, ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этишлари муҳимлиги таъкидланди. Бу борада ислом динининг асл манбалари Қуръони карим ва Суннати Набавияга бевосита таянган, илмий, асосли равишда шаклланган Ҳанафия мазҳаби ва Мотуридийлик таълимотини мусулмон халқимизга кенг етказиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, тадбирда имом-хатиблар масжид ва маҳаллаларда ўтказилаётган суҳбатларда аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этишлари, уларни юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида имом-хатиблар фаолиятини янада яхшилаш, аҳолимизнинг диний саводхонлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида вилоятда фаолият юритаётган отинойилар иштирокида кун тартибидаги масалалар бўйича йиғилиш ўтказилди.

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

1430 марта ўқилди

Янгиликлар

Top