Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорада Фаластин делегацияси билан учрашув ўтказилди

Шу йил 10 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Қуддус халқ конгресси Бош котиби Билол Ан-Натшах бошчилигидаги Фаластин делегациясини қабул қилди.

Учрашувда Иброҳимжон домла Иномов делегация аъзоларини ташриф билан қутлаб, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Фаластин ўртасидаги дўстлик ва кўп томонлама ҳамкорлик равнақ топаётгани, жумладан, диний соҳадаги алоқалар янада ривожланиб бораётгани, икки халқ ўртасида асрлар давомида шаклланган ришталар бугунги кунда ҳам янгича мазмун касб этаётгани ҳамда ўтмишда ота-боболаримиз Фаластин ерларига сафарлар қилганлари, шунингдек, Ўзбекистон мўмин-мусулмонлари Фаластиндаги муаммолар тинчлик ва музокара йўли билан ечим топиши тарафдори эканини таъкидлади.

Билол Ан-Натшах жаноблари самимий қабул ва илиқ фикрлар учун ташаккур айтиб, Ақсо масжиди нафақат фаластинликлар, балки бутун Ислом олами учун катта неъмат экани, унинг омонлиги учун мўмин-мусулмонлар, аввало, дуо қилишларини изҳор қилди. Шунингдек, Фаластиннинг Ўзбекистонга ўхшаш жиҳатлари жуда кўп экани, хусусан, диний бағрикенглик муҳитида бу ўхшашлик яққол намоён бўлиши, турли дин вакиллари қадим-қадимдан бирга яшаб келаётганларини мисол сифатида келтирди.

Мулоқот давомида зиёрат туризми бўйича ўзаро ҳамкорлик масаласи ҳам ўзаро муҳокама этилди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди. Якунда ўзаро ҳадялар алмашилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1520 марта ўқилди

Янгиликлар

Top