Ўзбекистон янгиликлари

Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Тошкент ислом институтида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик — жамият барқарорлиги гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бош мутахассиси Отабек Алимардонов маъруза билан иштирок этди.
Давра суҳбатини ТИИ проректори Умиджон Ходжаев кириш сўзи билан очиб берди.
ЮНЕСКОнинг 1995 йил 16 ноябрда бўлиб ўтган конференциясида ушбу сана “Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинди ва бағрикенглик тамойиллари тўғрисида Декларация қабул қилинди.
Ўзбекистонда ҳар йили “16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан турли диний конфессия вакиллари, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида халқаро конференция ўтказилади.
2022 йил 28 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонни ҳамда 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини имзолади.
Фармоннинг “V. Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” бобида қуйидаги мақсадлар баён қилинган.
73-мақсад: Буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш.
ИҲТ, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ЮНЕСКО каби дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва университетлари билан ҳамкорликда «Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс» шиори остида халқаро конференция, симпозиум ва анжуманлар ташкил этиш.
Буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломалар қаламига мансуб 100 та асарнинг халқчил таржимасини амалга ошириш, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратиш.
Буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш”.
74-мақсад: Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш.
“Миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш” тизимини янада такомиллаштириш.
Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг изчил амалга оширилишини таъминлаш.
Турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини юксалтириш.
Хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.
Хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш”.
Ўзбекистонда 16 диний конфессияга мансуб 2335 та диний ташкилот фаолият юритади. Шундан 2142 таси исломий176 та христиан диний ташкилоти, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоалари, та кришнани англаш жамияти, 1 та буддавийлар ибодатхонаси ва 1 та Ўзбекистон Библия жамиятидир.
2021 йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун конфессиялараро тотувликни таъминлаш, жамиятда турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро бағрикенглик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Республикада ислом ва замонавий илмларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти фаолият олиб боряпти.
Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда.
Aллоҳ таоло марҳамат қилади: “Aллоҳ сизларни дин йўлида сизлар билан урушмаган ва сизни ўз юртингиздан чиқариб юбормаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармайди” (Мумтаҳана, 8).

 

ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Т.Азимов

816 марта ўқилди

Янгиликлар

Top