Ўзбекистон янгиликлари

Маълумки, мамлакатимиздаги масжидларда ҳафтанинг чоршанба куни фуқароларни қабул қилиш куни, сифатида белгиланган. Шу боис Фарғона вилояти масжидларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни "Фуқароларни қабул қилиш куни" сифатида ўтказилмоқда. Қабул жараёнларида фуқаролар ўзларини қизиқтирган ва қийнаётган бир қатор масалаларда мурожаат қилишмоқда.
Марғилон шаҳар бош имом-хатиби Абдулфаттоҳ Олимовнинг қабулига келган фуқаролар эр-хотин ўртасида келишмовчилик юзага келганини таъкидлади. Имом-хатиб икки томонни ҳам тинглаб, динимизда оила ва никоҳнинг муқаддаслиги, оилада эр-хотиннинг бир-бирига бўлган муносабати фарзандлар тарбиясига таъсир этиши ҳақида динимиз кўрсатмаси ва бу борада салафи солиҳларнинг тутган йўли ҳақидаги ўгитларидан сўнг оила муросага келди. Юзага келган келишмовчиликда ҳар икки томон ҳам йўл қўйган камчилигини эътироф этиб, имом-хатибга ташаккур билдирдилар.
Шунингдек, Қўқон шаҳар "Зайнул Обидийн" масжиди имом-хатиби Абдуқуддус Исақовнинг ҳузурига келган икки фуқаронинг ўзаро молиявий муносабатларда келишмовчилиги борлиги, бу анча вақтдан буён давом этиб келаётгани маълум бўлди. Бу масалада икки томон ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билдиргач, имом домла томонидан насиҳат қилинди. Аллоҳнинг ояти ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларидан таъсирланган мурожаатчилар юзага келган кўнгилсизликлар учун бир-бирларига узр айтиб, масалани ижобий йўл билан ҳал қилдилар.
Демак, кишилар ўртасида пайдо бўлган айрим муаммоларни озгина насиҳат билан ижобий тарзда ҳал қилиш мумкин. Масжидларда "Фуқароларни қабул қилиш куни"ни ташкил этилиши айни муддао бўлгани мурожаатчилар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу кунгача вилоятимиздаги масжидларга 6000 га яқин фуқаролар мурожаат қилган. Мурожаатларнинг асосий қисмини фиқҳга оид, намоз, савдо-сотиқ, ҳалол-ҳаром ҳамда оилавий низолар, шунингдек, моддий ёрдам сўраш билан боғлиқ масалалар ташкил қилмоқда.

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

1566 марта ўқилди

Янгиликлар

Top