Ўзбекистон янгиликлари

Ҳомиджон домла Ишматбеков Буюк миллат мажлиси депутатини қабул қилди

Шу йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси депутати, “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Осман Местенни қабул қилди.
Ҳомиджон домла Ишматбеков Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга ривож топаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқалари муносабатларга катта замин бўлаётгани, диний-маърифий соҳада муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилгани, хусусан, Туркия диёнат ишлари бошқармаси билан ҳамкорлик алоқалари равнақ топаётгани кабиларга алоҳида тўхталди.
Ўз навбатида, Осман Местен ҳозирги пайтда икки мамлакат ўртасида диний-маърифий, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳаларда анъанавий дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорлик ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, депутат Туркий давлатлар орасида Ўзбекистоннинг Ислом дини тамаддуни маркази сифатида ўзига хос ўринга эгалиги, Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам нуфузи, илмий меросларга бойлиги билан муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этди.
Осман Местен шу йил 10–11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳақида тўхталар экан, унинг айнан Имом Бухорий каби буюк тарихий алломаларнинг юрти Самарқанд шаҳрида ўтказилиши туркий халқларининг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлашда катта маънога эгалигини қайд этди.
Учрашувда икки диний идоралар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қардош халқлар фаровонлиги ва манфаатлари йўлида ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1634 марта ўқилди

Янгиликлар

Top