Ўзбекистон янгиликлари

Тамаддунлар уйғунлиги тимсоли – Париж бош жоме масжидига саёҳат

Франция Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни кутмоқда. Ташриф олдидан бир қатор журналистлар Париж бош жоме масжидида жума намозини адо этдик. Тарих ва маънавият нурлари ёғилиб турган бу масканни француз халқининг мусулмонларга бўлган ҳурмати ифодаси деб аташ мумкин.

Масжидга бундан роппа-роса 100 йил олдин, 1922 йилда пойдевор қўйилган ва бугунги кунда мажмуа ўзининг асрий тўйини нишонламоқда. Умуман, Франция ҳудудида мусулмонлар ҳамиша бўлишган ва масжид қуришга ҳаракатлар ҳам узоқ вақт давом этган. Фақат 1856 йилда Усмонийлар империяси илтимосига кўра Францияда ўлган мусулмон аскарларини дафн этиш учун ер ажратилади ва унда намозхона ҳам барпо этилади. Мана шу ибодатхонани Париждаги илк расмий масжид деб аташ мумкин. Аммо ҳақиқий жоме масжиди қурилиши кейинроқ, Марокаш, Жазоир, Туркия каби давлатлар сиёсатчиларининг мунтазам илтимосларига кўра, Францияда мусулмонлар билан муносабатлар янги босқичга чиққан даврларга келиб бошланади.
 

1914 йилда бу масжид комплекси лойиҳаси ишлаб чиқилади, аммо биринчи жаҳон уруши бошланиши бу ишни ортга сурди. 1920 йилларга келиб яна ҳаракатлар бошланди ва француз ҳукуматининг ўзи масжид қурилиши учун 500 минг франк маблағ ажратди. Ер ва дастлабки сармоянинг мавжудлиги ишларни жадаллаштириб юборади ва 1922 йилга келиб илк тошни қўйиш маросими ўтказилади.

Масжид, минора ва анжуманлар залини ўз ичига олган комплекс қурилиши 1923 йилда авж паллага киради ва 1926 йилнинг 15 июлида масжиднинг расмий очилиши бўлиб ўтади. Тантанали тадбирда  Франция президенти Гастон Думерг ва Марокаш султони Мулай Юсуф иштирок этади.

Шундан буён бу маскан маҳаллий ва кўп сонли сайёҳ мусулмонларга хизмат қилиб келмоқда. Унинг мунтазам тўлиб туриши сабаби тушунарли, зеро миллионлаб сайёҳлардан ташқари Франция аҳолисининг тахминан 5 фоизи мусулмонлардир.

Масжид шунчаки ибодатхона эмас, сўлим боғ, кутубхона, маърифий ва хайрия ишларини жамлаган ўзига хос маскан. Унга турли миллат, мазҳаб ва сиёсий қарашларга эга минглаб мусулмонлар оқиб келадилар. Масжидда ибодатдан ташқари диний маърузалар тайёрланади, тасвирга олиб тарқатилади.

 

Умумий майдони 7500 кв/метр бўлган комплекснинг ярми дарахтзорлар. Унинг қошида мадраса ҳам фаолият юритади. Мачит минг кишининг ибодат қилишига мўлжалланган бўлса-да, жума намозларида намозхонлар сони каррасига кўпайиб кетади. Масжид 1983 йилдан буён тарихий обида ҳисобланади ва “Йигирманчи аср мероси” номини олган.

1982 йилдан буён масжид Жазоир ҳукумати томонидан молиялаштириб келинади ва йилига 10 млн евро атрофида маблағ билан таъминланади. Бу пуллар масжидни лозим даражада сақлаб туриш, намозхонларга хизмат кўрсатиш, ходимлар маоши ва хайрия каби мақсадларда сарфланади.

Қизиқарли факт: Иккинчи жаҳон уруши даврида масжид қошида мингга яқин яҳудийлар паноҳ топишган. Улар нафақат ҳимоя ва егулик билан таъминланган, балки истаганларига “Келиб чиқиши мусулмон” деган сертификат ҳам қилиб берилган.

Аброр Зоҳидов, Париж. Kun.uz

1692 марта ўқилди

Янгиликлар

Top