Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Ҳаж вазири билан мулоқот қилдилар

Шу йил 19 ноябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари мазкур вазирлик қароргоҳига ташриф буюрдилар.

Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа жаноблари ҳамда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш юзасидан ўзаро мулоқот бўлиб ўтди.

Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик равнақ топаётгани, айниқса, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш сифатини ошириш, диний-маърифий, илмий-тадқиқот ва зиёрат туризм соҳасидаги алоқаларни янада яхшилашга катта эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Жумладан, ҳаж ва умра сафарига борувчи зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш юзасидан ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ҳаж ва умра ишлари вазири жавоб сўзида жорий йил август ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифидан сўнг икки томонлама муносабатлар ривожланиб бораётгани ва Ўзбекистон ҳар жиҳатдан муҳим мамлакат эканини таъкидлади. Тавфиқ ар-Рабиъа жаноблари давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга ташрифи давомида олий даражадаги музокаралар ва имзоланган битимлар ўзаро ҳамкорлик кўламининг янада кенгайишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Шунингдек, вазир Ўзбекистондан келаётган ҳаж ва умра қилувчилар учун барча шарт-шароитларни ҳозирлашга доим тайёр эканини изҳор этиш баробарида ўзбекистонлик зиёратчилар муборак ибодатларни адо этиш чоғида барчага намуна бўлаётганларини маълум қилди.

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони сафари давомида Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида Мадина шаҳрида жойлашган “Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратлари ва ислом цивилизацияси музейи” ташриф буюрувчиларига яратилган шарт-шароитлар ва рақамли технологик ишланмалардан фойдаланиш борасидаги тажрибаларни ҳам ўргандилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

1600 марта ўқилди

Янгиликлар

Top