Ўзбекистон янгиликлари

Юртимиз алломалари довруғини дунёга таратишга хизмат қиладиган асар тақдимоти

Шу йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида мусулмон дунёсида таниқли муҳаддис олим, Шайх Муҳаммад Аввоманинг фарзанди доктор Муҳйиддин Аввома қаламига мансуб “Ўзбекистонга саёҳат” китоби кенг жамоатчилик иштирокида тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида юртимизга келаётган сайёҳлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Мана шундайлар орасида Ислом оламида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган фазилатли алломаларнинг ҳам борлиги катта ифтихор бағишлайди. Маълумки, 2018 йилда Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар диёримизга ташрифда қиблагоҳига ҳамроҳлик қилган Муҳйиддин ибн Муҳаммад Аввома сафар давомида олган таассуротларини жамлаб, “Ўзбекистонга саёҳат” номли асарини ёзди.

Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди.

Тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков муаллиф ушбу китобда сафар давомидаги таассуротлари, зиёрат давомида туйган ҳислари, юртимиз тарихига оид муҳим маълумотлар, хусусан, диёримизга Ислом динининг кириб келиши, шонли тарихимиз, маданиятимиз, ўтмишда ўтган халқимизнинг гўзал хулқ-атворлари ҳақида ҳам сўз юритганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, у ушбу китобда зиёрат давомида ташриф буюрган ҳар бир олимнинг таржимаи ҳоллари ҳам келтирилгани юртимиз, алломаларимиз довруғини янада бутундунёга таратишга хизмат қилиши каби манфаатли ва муҳим жиҳатларига алоҳида тўхталди.

“Ҳилол нашр” нашриёти ва islom.uz портали раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларининг юртимизга ташрифи жараёнлари, фарзандлари доктор Муҳйиддин Аввома қаламига мансуб “Ўзбекистонга саёҳат” китобининг ёзилиш тарихи ҳақида сўзлади.

Доктор Муҳйиддин Аввома мазкур асарни ёзишга бўлган асосий омиллар, унинг таркибий қисмлари, келтирилган замин алломаларининг ҳаётлари ва фаолиятлари, юрт уламолари қатор мамлакатларга илмий сафар қилганлари, дунё кезган бўлсаларда ўз она юртларига қайтиб, ўзлари улғайган ватан тупроғига дафн этилганлари каби ибратли воқеаларни кенг изоҳлаб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоси Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов ушбу китобнинг аҳамияти, ўлкамизнинг зиёрат туризми салоҳиятини бутун дунёга кенг намойиш этишдаги ўрни ва уни ўзбек тилига таржима қилиш орқали диёр уламоларининг ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган ноёб қирраларини кашф этиш мумкинлигини алоҳида қайд этди.

Сўзга чиққан нотиқлар кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимизда зиёрат туризмини жадаллаштириш, мавжуд улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, чиндан ҳам, ўлкамизда зиёрат туризмни ривожлантириш учун дунёнинг ҳеч бир чеккасида учрамайдиган жуда кўп ноёб маданий мерослар, осори атиқалар, алломаларимиз қўним топган мақбара ва зиёратгоҳлар мавжуд экани, буларнинг барчаси Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат маркази, бу диёр бутун дунёга олимларни етиштириб берган замин бўлганини кўрсатишини изоҳлади. “Ўзбекистонга саёҳат” номли асари мана шундай жиҳатларни ўз ичига қамраб олганини билдирдилар.

Тақдимот доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг ташаббуслари билан ташкил этилган muslim.uz интернет порталининг янги медиа марказининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Китоб тақдимотида таниқли уламолар, тажрибали ва фаол имом-хатиблар ва муддарислар, талаба-ёшлар, ОАВ ходим ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1874 марта ўқилди

Янгиликлар

Top