Ўзбекистон янгиликлари

Кувайтда «Ўзбекистон – буюк алломалар юрти» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди

Кувайт университетида «Ўзбекистон – буюк алломалар юрти» мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Илмий анжуман Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита, Халқаро ислом академияси, Кувайт университети ва мамлакатимиз элчихонаси томонидан ташкил этилди. Унда Кувайтдаги расмий ҳамда илмий доиралар вакиллари, тадқиқотчи олимлар, тарих, адабиёт ва санъат йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирок этдилар.
Уч сессиядан иборат ушбу конференция ишида Ўзбекистон ва Кувайт олимларининг Ўзбекистон заминининг буюк мутафаккир алломалари ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси тўғрисидаги маърузалари тингланди.
Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ҳузуридаги маданият ва асори-атиқалар бўйича қўмита раиси, Кувайт университети адабиёт факультетининг декани профессор Абдулҳоди ал-Ажми ўзининг Ўзбекистонга сафари мобайнида ислом дини, илм ва маданияти дурдоналари бўлмиш қадимий шаҳарларни зиёрат этгани ва республикамизнинг ҳозирги куни билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлганини сўзлаб берди.
Абдулҳоди ал-Ажми яқинда Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (ФКАДҲК) ҳузуридаги маданият ва асори-атиқалар бўйича қўмита раиси лавозимига тайинлангани боис, 2023 йилнинг май ойида Самарқандда ФКАДҲКга аъзо давлатлар (Саудия, БАА, Кувайт, Қатар, Баҳрайн, Ўмон) ва Ўзбекистондаги шарқшунос олимлар иштирокида халқаро илмий конференция ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Унинг айтишича, мазкур тадбирни Шарқ тамаддуни пойтахти бўлмиш Самарқандда ўтказилиши чуқур рамзий маънога эга бўлиб, ислом ва араб дунёсига Ўзбекистондаги буюк илмий-маданий мерос асосида асос солинаётган Учинчи Ренессанс ҳақида яқиндан танишишга хизмат қилади.
Анжуман ишида иштирок қилган кувайтлик ҳамда саудиялик олимлар тадбир юқори савияда ўтказилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик изҳор этиб, илмий доиралар вакиллари ўртасидаги бу каби мулоқотларни мунтазам ташкил этиш истагини билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

766 марта ўқилди

Янгиликлар

Top