Ўзбекистон янгиликлари

Бош қомусимиз 30 йиллигига бағишлаб маърифий тадбир ўтказилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Конституциямиз қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Диний идора ходимлари, диний таълим муассасалари ўқитувчи ва талаба-ёшлар, шунингдек, ҳудуддаги вакиллик ва ислом билим юртлари вакиллари масофавий тарзда иштирок этишди.

Тадбир анъанага кўра Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди.

Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими мудири вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Хотамов иштирокчиларни байрам билан муборакбод этиб, Асосий қомусимиз тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида маъруза қилиш учун мутахассислар таклиф қилингани, улардан саволларига жавоб олиши мумкинлигини баён этди.

Шундан сўнг Тошкент давлат юридик университети Конституциявий ҳуқуқ кафедраси доценти вазифасини бажарувчиси, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори Ботиржон Қосимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниш тарихи, айни кунларда у янги авлод ҳуқуқлари билан янада такомиллаштирилаётгани, шу асосда виждон эркинлиги тўғрисида қонун қабул қилингани ҳақида сўзлаб берди.

Ботиржон Қосимов ўз сўзида давом этиб, қонунларни, аввало, давлат ва нодавлат ташкилот ходимлари билиши ва унга амал қилиши лозимлиги, ҳар қандай муассасада қонунлар ижросини таъминлаш кадрлар салоҳиятига боғлиқлиги, бунда жамоатчилик назоратининг аҳамияти катта экани, диний соҳа ходимлари ўз чиқишлари билан инсонларни илм олиш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан, Конституцияни ўрганиш ва унга амал қилишга чорлаши муҳимлигини таъкидлади.

Тадбир давомида сўзга чиққан Тошкент шаҳар суди Жиноят ишлари бўйича судьяси Отабек Муҳаммадиев Ўзбекистон фуқароларининг миллати, ирқи, дини ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар давлат ҳимоясида экани ва қонун олдида тенглиги ҳамда уларнинг дин соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминлангани масаласи ҳам Конституцияда ўз аксини топгани, шунингдек, ҳар қандай маълумот, айниқса, диний материал ва илмни фақат ишончли манба ва мутахассислардан олиш лозимлигини жамоатчиликка етказиш лозимлиги, қонунчиликда тақиқланган манбалардан сақланиш кераклигини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бош мутахассиси Алишер Аъзамов сўз олиб, диний соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича қилинаётган ишлар, келгуси режалар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

804 марта ўқилди

Янгиликлар

Top