Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида иштирок этди

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда, шунингдек, ушбу ташкилотга аъзо бўлган элликка яқин давлатлардан мутасадди вазирлик ва идоралар ходимлари, ИҲТ доимий вакиллари ҳамда унинг тузилмалари раҳбарлари қатнашди.
Йиғилишга Саудия Арабистони Назорат ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Мазин бин Иброҳим бин Муҳаммад ал-Каҳмус раислик қилди. У ўз нутқида ушбу йиғилиш ИҲТнинг коррупцияга, жиноий даромадларни легаллаштириш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида ўтказилаётганини таъкидлади. Муҳаммад ал-Каҳмуснинг айтишича, ушбу йиғилиш доирасида «Макка конвенциясининг« қабул қилиниши мусулмон давлатларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга хизмат килади.
Тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари сўзга чиқиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида ушбу йиғилишнинг аҳамиятини қайд этишгани баробарида, «Макка конвенцияси» ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини яратиб беражагини таъкидлашди.
Шунингдек, тадбир доирасида «Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорлик» ва «ИҲТ аъзо давлатларининг коррупцияга қарши курашиш қонунлари ижросини таъминлаш йўлида Макка конвенциясининг қабул қилиниши» мавзуларида семинарлар ҳам ташкил этилди.
Иштиркчилар «ИҲТ аъзо давлатларининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Макка конвенцияси» лойиҳасини маъқулладилар. Ҳужжатни қабул қилиш учун ИҲТ ТИВ кенгашининг навбатдаги йиғилишига тақдим этиш тавсия қилинди.
Йиғилиш сўнггида ИҲТ аъзо давлатларининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича мутасадди ташкилотлари раҳбарлари даражасидаги учрашувни ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

802 марта ўқилди

Янгиликлар

Top