Ўзбекистон янгиликлари

“Саноқли дақиқаларда тоғдай савоблар” китоби нашр этилди

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков таржимасидаги Абу Талҳа Муҳаммад Юнус ибн Абдуссаторнинг “Саноқли дақиқаларда тоғдай савоблар” номли китоби чоп этилди.

Китобда киши саноқли дақиқаларда қандай қилиб улкан савобларга эришиш мумкинлиги қизиқарли тарзда баён этилганки, буни китобнинг номидан ҳам англаш мумкин.

Хўш, бир неча сонияда тоғдай савобларга қандай эга бўламиз? Бу ҳақда китобда бундай дейилади: “Кимда ким шу зикрни бозорга кираётганда ёки унда айланиб юрганда бир марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга бир миллионта савоб ёзиб, бир миллион гуноҳини авф этади ва жаннатда унинг учун бир қаср бино қилади.

Солим ибн Абдуллоҳ отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бозорда: Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду юҳйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин Қодийр, деб айтса, Аллоҳ унга миллионта савоб ёзади, миллион гуноҳини авф этди ва жаннатда унинг учун бир уй қуради” дедилар” (Ибн Сунний ва Ҳоким ривояти).

Қаранг, бу нақадар фойдали тижорат! Қисқагина бир зикрни айтганимиз эвазига шунча савобга эришсак, шунча гуноҳдан халос бўлсак, жаннатда бизга атаб қаср қурилса!”

Мазкур китобни мутолаа қилар эканмиз, бундай манфаатли тавсияларни кўплаб учратамиз. Агар Қуръон ўқисак, зикру тасбеҳлар билан машғул бўлсак, нафл намозларни адо этсак қанча савобларга эга бўламиз? Нашрда бу ҳақда ҳам батафсил сўз юритилган.

Яна бир ўринда эса бундай дейилади: “Ҳар биримиз бир кеча-кундуз ичида Парвардигоримиз азза ва жалла учун бир соат вақт ажратайлик. Бу соатда қалбимиздан дунё ташвишларини чиқариб, ўй-хаёлимизни Аллоҳ таоло ҳузурида жамлаб, бошқа барча нарсадан узилишга интилайлик. Шу йўл билан инсон Аллоҳ ҳузуридаги ўз ҳоли ва мақомини билиб олса бўлади. Қайси инсоннинг Аллоҳ ҳузуридаги мақоми бўлса, У зотга яқинлиги бўлса, ўша соатда тоат ибодатга ғайрат жўш уради, Аллоҳ азза ва жалланинг таъзими ва муҳаббати билан қалби яйрайди.”

Бундай гўзал тавсиялар ҳар бир ўқувчини руҳлантириб, кўпроқ амал қилишга ундайди.

Хуллас, китобни мутолаа қилган киши ғанимат дақиқаларда дунё ва охират саодатига эришиш йўлида ҳар сонияда улкан савоблар қилиб, гуноҳлардан тавба қилишни ўрганади. Динимизда айтилган ҳар бир амалларни ўз вақтида ихлос билан адо этиш кераклигини ўқтиради. Бир сўз билан айтганда мазкур нашр ҳар бир мўмин-мусулмон учун кўплаб манфаат келтиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1135 марта ўқилди

Янгиликлар

Top