Ўзбекистон янгиликлари

Андижон ҳилоли (“Девонабой” масжиди)

 

Ўзбекистон масжидлари туркумидан

Бугун юртимизда тарихий обидалар қайта таъмирланиб, муқаддас қадамжолар обод қилинмоқда. Хусусан, Андижон шаҳридаги тарихи бевосита вилоят ўтмиши, қадрияти, аҳоли турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ бўлган “Девонабой” масжиди ҳам унда олиб борилган қайта қуриш, ободонлаштириш ишлари натижасида янгича қиёфа касб этиб, ҳудудда туризмни ривожлантиришда мақсадларига ҳамоҳанг тарзда қад ростлаб турибди.

Унинг нақшинкор миноралари, замонавий ва Шарқ меъморчилиги уйғунлаштирилган лойиҳа асосида қад ростлаган ҳашаматли биноси, бири-биридан маҳобатли тўртта дарвоза, битта хонақоҳ, кўшк ва айвонлари, муҳташам деворлари шаҳар ҳуснига ярашиб турибди.

Масжиднинг дастлабки биноси 1870 йиллар бошида Қорасувлик катта ер-сув мулкдори Девонабой сармоясига таниқли меъмор уста Исахон лойиҳаси асосида ҳашар йўли билан бунёд этилган.

У нақшинкор хонақоҳ, унча баланд бўлмаган минорадан ташкил топган бўлиб, 1928 йилгача намоз ўқилган. Сўнг ёпиб қўйилади, ҳунармандчилик артеллари ва бошқа турли мақсадларда фойдаланилади.

1950 йилда Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси ихтиёрига берилиб, вилоятдаги ягона жума намозлари ўқиладиган масжид сифатида фаолият бошлайди. 1982 йилда давлат муҳофазасидаги маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган. 1985 йилги ёнғинда буткул ёниб адо бўлган намозгоҳ тўла қайта тикланди.

Бу даврда масжидга 4 та дарвоза орқали кирилар, хонақоҳ 1 қаватдан иборат, пишиқ ғишт ва ёғоч материалларидан қурилган эди. Масжид 2320 кв.м ер майдонида жойлашган бўлиб, бино ва иншоотлар эгаллаган майдон 1444.61 кв.м ташкил этган эди.

Мустақиллик йилларида (2005-2011й) «Андижон фуқаролойиҳа»  институти лойиҳаси билан масжиднинг жанубий қанотига уч қаватдан иборат шарқона миллий меъморчилик анъаналари асосида қадимий кошинкорлик, ҳаттотлик ва ганчкорлик, ёғоч ўймакорлик санъатлари уйғунлигидаги муҳташам маҳобатли обида бунёд этилди. Меъморий обида «Буюк ипак йўли» халқаро сайёҳлик йўналишида жойлашган.

2018 йилда масжид ҳудуди фуқароларнинг розилиги билан турар-жой биноларини кўчириш ҳисобига 17956,23 кв.м гача кенгайтирилди ва хонақоҳ миллий меъморчилик анъаналари асосида қайта таъмирлаш ишлари бошланди.

Ҳозирда хонақоҳнинг биринчи  ва иккинчи қаватлари умумий 4996 кв.м.ни ташкил қилади. Масжидни бино қилишда миллий меъморчилик, ҳаттотлик ва ганчкорлик, ёғоч ўймакорлик санъатлари, кошинкорлик услубларидан фойдаланилган. Масжиднинг ички пардозлаш ишларида миллий меъморчилик ва замонавий безаклар билан уйғунлаштирилган.

Масжид қайта таъмирлангандан сўнг 15000дан ортиқ намозхонларни ўз ичига сиғдира оладиган бўлди.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

 

 

752 марта ўқилди

Янгиликлар

Top