Ўзбекистон янгиликлари

Ректор ижарада турган талабалар ҳолидан хабар олди

Динимизда илм йўлидаги талабаларга доимий ғамхўрлик қилиш, уларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш жамиятнинг қолган аъзолари зиммасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Ҳанафий мазҳабининг машҳур фақиҳи Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Ал-уқуд ад-дуррийя фи танқиҳ ал-фатово ал-ҳомидийя” китобида: “Талаба илм олиш учун йўлга чиқса, унинг моддий шароитини таъминлаш мусулмонлар зиммасига лозим бўлур”, деганлар.

 Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам талабаларнинг нафақат ўқув машғулотларида илм олишлари, балки дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, яшаш шароитлари ва эҳтиёжларидан бохабар бўлиб туриш институт раҳбариятидан оддий ўқитувчигача ҳар бир масъул ходимнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Институтда ижарада ёки яқин қариндоши билан яшаётган талабалар маълумотлар базаси шакллантирилган бўлиб, алоҳида режа асосида ректор, проректорлар, кафедра мудирлари, ўқитувчилар, мураббийлар ижарада яшовчи талабаларнинг уйларига ташриф буюради.

Куни кеча Тошкент ислом институти ректори М.Муҳаммадсиддиқов, проректор У.Ходжаев, ишлар бошқармаси бошлиғи Ҳ.Аманов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Олимов Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида ижарада яшовчи талабаларнинг уйларида бўлиб, уларнинг яшаш шароити, кайфияти, ҳол-аҳволидан хабар олдилар, дастурхон атрофида суҳбатлашди. Шунингдек, талабаларга ижара манзилларида ёнғин хавфсизлиги ва бошқа тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишлари тўғрисида тушунчалар берилди.

Институтда саховатли ҳомийларни жалб қилган ҳолда ижарада яшовчи талабаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур ўқув адабиётлари, эҳтиёжга қараб, уй жиҳозлари етказиб бериш йўлга қўйилган.

Шунингдек, ижарада турадиган талабалар билан гуруҳ мураббийлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла масъуллари ҳамкорлигида учрашувлар ўтказилмоқда.

Тошкент Ислом институти

Матбуот хизмати

 

1078 марта ўқилди

Янгиликлар

Top