Ўзбекистон янгиликлари

Мир Араб мадрасасининг тарихий мавқеи тикланди

 

Давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасини бориб кўрди.
Бу мадраса 500 йиллик тарихга эга. Ундан кўплаб олимлар, имомлар, муфтийлар етишиб чиққан. Лекин ўтган асрда унинг мақоми ўрта махсус билим юрти даражасига тушиб қолган эди. Биноси ҳам зах тортган, китоблар етишмасди.
Шавкат Мирзиёев 2017 йилда бу ерга келиб, аҳволни кўрган, мадрасанинг тарихий мавқеини тиклашни мақсад қилган эди. Бунинг учун Арк яқинида янги бино барпо этилди ва яқинда фойдаланишга топширилди.
Олий мадраса 200 ўринга мўлжалланган. Бу ерда Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллар пухта ўргатилади. Бугунги кунда жами 107 нафар талаба таълим олмоқда.
Ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси ва хизмат уйи, спортзал ва бассейнда барча қулайликлар яратилган.
Давлатимиз раҳбари мадраса талабалари билан суҳбатлашди.
- Бундай узоқ тарихга эга таълим даргоҳлари жуда кам, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бугун унинг шароитини яхшилаб, тарихий адолатни тиклаганимиз хайрли иш бўлди, деб ўйлайман. Демократик ислоҳотларимиз натижасида диний соҳага ҳам эркинлик эпкини кириб келди. Шу билан бирга, ахборот макони ҳам очиқ. Интернетда илмий асоси бўлмаган турли талқинлар ҳам бор. Лекин уларни тажрибасиз ёшлар қаердан билади? Буни сизга ўхшаган илмли кишилар, имом-хатибларимиз исботлаб, тўғри тушунтириб бериши керак.
Диний таълим соатлари ва сифатини ислоҳ қилиш, уни амалиёт билан боғлаш бўйича фикрлар билдирилди.
Шу билан Президентнинг Бухоро вилоятига ташрифи якунланди, давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.
 
875 марта ўқилди

Янгиликлар

Top