Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон – Миср: тарихий ташрифнинг биринчи куни

Миср, 20 февраль. ЎзА махсус мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг таклифига биноан 20 февраль куни расмий ташриф билан Қоҳира шаҳрига келди.

Миср пойтахтининг халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарининг ташрифи муносабати билан икки мамлакат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон етакчисини Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси кутиб олди ва самимий қутлади. Давлат раҳбарларининг қисқа учрашуви бўлиб ўтди.

Президентимиз Миср Араб Республикасига расмий ташрифни Аҳмад Фарғоний мероси зиёратидан бошлади.

 

 

Маълумки, бу буюк ватандошимиз ўз даврининг етук астрономи, математиги ва географи бўлган, Бағдод ва Дамашқда илмий тадқиқотлар ўтказган, 856 йилдан эса Қоҳирада яшаб, умрининг сўнггига қадар Мисрда илм-фан билан шуғулланган.

Олим кўплаб муҳим кашфиётлар қилган. Жумладан, 861 йилда Нил дарёсидаги Равза оролида сув сатҳини ўлчайдиган иншоот барпо эттирган. “Миқёс ан-Нил” номи билан машҳур бу қурилма қишлоқ хўжалиги ва иқлимни баҳолашда жуда муҳим бўлган. Қарийб 1200 йил давомида иншоотдан ўтган асргача узлуксиз фойдаланилган. Бугунги кунда эса у туристик масканга айлантирилган.

2007 йилда Миқёси Нил яқинидаги хиёбонда Аҳмад Фарғонийга ҳайкал ўрнатилган. Президентимиз унинг пойига гулчамбар қўйиб, мутафаккир бобомизнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

 

 

Сўнг давлатимиз раҳбари Миқёси Нил иншоотини кўздан кечирди, унинг тарихи, Аҳмад Фарғоний илм-фанга қўшган ҳиссаси ҳақида олимлар билан суҳбатлашди. Улуғ алломанинг ҳозиргача сақланиб келаётган мероси, умуман, ўзбекларнинг Миср тарихидаги ўрни халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликдан далолат бериши таъкидланди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Миср цивилизацияси миллий музейига ташриф буюрди.

 

 

Ҳозирда Қоҳиранинг таркибига кирган қадимий Фустат шаҳрида жойлашган музей Мисрнинг бой тарихидан ҳикоя қилувчи ноёб экспонатлар тўпламига эга. Бу ерда қадим замонлардан то ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олган 50 мингдан ортиқ ашёлар, жумладан, фиръавнлар мумиёлари, ҳукмдорлар тахтлари ва ҳайкаллари, заргарлик буюмлари, шунингдек, уй-рўзғор ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмага қўйилган.

Давлатимиз раҳбари экспозициянинг Қадимги, Ўрта ва Янги ҳукмдорлик, юнон, Ўрта аср ва ислом даврларига оид қатор хронологик ва тематик бўлимлари билан танишди.

 

 

Президент Миср заминида бир-бирини алмашлаб келган турли цивилизацияларнинг ёдгорликларини катта қизиқиш билан кўздан кечирар экан, тарих ва маданият бирдек буюк меросга эга халқларимизни яқинлаштиришнинг муҳим воситаси эканини таъкидлади.

Миср томони вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарига музейга ташриф учун миннатдорлик билдириб, халқларимизни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар кўплиги, бу дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидладилар.

Шу маънода, икки мамлакат музейлари ва тарихчилари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, умумий меросимизни биргаликда ўрганиш, ўзаро кўргазмалар, маданият кунларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Президентимиз музейнинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикасига расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Миср томонидан тадбирда халқаро ҳамкорлик бўйича вазир Рания ал-Машат, Савдо палаталари федерацияси президенти Иброҳим Маҳмуд ал-Арабий, “Elsewedy Electric”, “El Araby Group”, “Orascom Construction”, “Polyserve Group”, “Al-Rowad”, “Lotus Garments Group” каби йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

 

 

Учрашувда икки томонлама муносабатларда улкан салоҳият борлиги, ишбилармонлик ва тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро инвестицияларни фаоллаштириш ва савдони ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Мамлакатимиз етакчиси икки мамлакат ишбилармон доираларининг саъй-ҳаракатлари билан ўтмишда гуллаб-яшнаган Буюк Ипак йўлидек мустаҳкам ҳамкорлик кўприкларини қайта тиклашда муҳим ўрин тутишини кўрсатиб ўтди.

Кейинги йиллардаги шериклик суръати мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, товар айирбошлаш кўрсаткичлари каррасига ошди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони 6 баробар кўпайди.

Давлатимиз раҳбари куни кеча ўтган Ўзбекистон – Миср бизнес форумининг самарали натижаларини, унинг якунида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 дан зиёд битим ва шартномаларни амалга ошириш юзасидан аниқ келишувларга эришилганини юксак баҳолади.

Энергетика, электротехника, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, чарм-пойабзал тармоқларида саноат кооперацияси учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

 

– Миср компанияларига мамлакатимизда катта инвестиция дастурларини биргаликда амалга ошириш учун барча имкониятлар очиқ, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва янги ўсиш нуқталарини рўёбга чиқариш юзасидан фикр алмашилди. Қўшма лойиҳа ва келишувларни амалга оширишни тез фурсатда бошлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Мисрнинг етакчи компаниялари вакиллари ўз чиқишларида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳоладилар.

Бўлаётган янгиланишлар, иқтисодиётнинг либераллашуви ва қулай инвестиция муҳити яратилгани Миср бизнесининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш учун катта имкониятлар очаётгани алоҳида қайд этилди.

 

Масалан, “Elsewedy Electric” компанияси электр энергияси, трансформаторлар ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Мисрдаги энг йирик корхона бўлиб, шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, трансформаторлар, кабель-сим маҳсулотлари ва қўшимча қисмларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёр.

“Orascom Construction” Ўзбекистонда индустриал парк яратган ҳолда унинг ҳудудида лок-бўёқ маҳсулотлари ва қурилиш материаллари учун кимёвий моддалар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, шунингдек, 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қуришдан манфаатдор эканини билдирди.

Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида фикр-мулоҳозалари билан бўлишиб, Мисрнинг йирик сармоядорлари мамлакатимизни Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун кўприк сифатида кўраётганларини қайд этдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев билдирилган режа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон томонининг мутасаддиларига таклиф этилган лойиҳалар ижроси устидан қатъий назоратни таъминлаш топшириғини берди.

Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси” қабул қилиниши белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Миср Араб Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.

ЎзА

 

 

969 марта ўқилди

Янгиликлар

Top