Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Муҳаммад ад-Дувайний: “Сўнгги йилларда Миср ва Ўзбекистон алоқалари тобора ривожланиб бормоқда”

Миср Араб Республикасида юртимиз делегацияси вакиллари “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарининг ўринбосари, шайх Муҳаммад ад-Дувайний билан учрашишди.

Мазкур мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Самимий суҳбат аввалида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикасига қилган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг янги даврини бошлаб бериши шубҳасизлиги таъкидланди.


Шундан сўнг соҳа масъуллари томонидан юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, аждодлар ва дунё олимларининг бой илмий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган сермаҳсул фаолият, бу борада, халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ўрни ва аҳамияти ва бошқа бир қатор муҳим соҳавий янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўз навбатида, Ал-Азҳар университети бутун дунёда ислом асосларини пухта ўзлаштирган, замонавий билимларга эга етук кадрларни етиштириб берувчи таълим муассасаси сифатида шуҳрат қозонгани, мусулмон умматига исломнинг асл инсонпарвар ғояларини тушунтириш, жаҳолат билан маърифат ўртасидаги фарқни очиб беришга эҳтиёж кучайган бугунги кунда мазкур таълим даргоҳининг аҳамияти юқори экани алоҳида таъкидланди.

Томонлар ўзаро мулоқотда, бугунги кунда инсон онги ва дунёқараши учун ғоявий кураш кечаётгани, бу жараёнда, дунёқараши тўлиқ шаклланмаган баъзи ёшларнинг сохта диний шиорлар таъсирида бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани дунё жамоатчилигини ташвиш ва хавотирга солаётгани айтилди. Бу борада тизимли ишларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

 

Манба

719 марта ўқилди

Янгиликлар

Top