Ўзбекистон янгиликлари

Малайзияда «Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази» фотокўргазмаси ташкил этилади

1 март куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳридаги «Малайзия Ислом санъати» музейида «Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази» фотокўргазмаси очилади, деб хабар бермоқда uzbektourism.uz.
Кўргазмада сўнгги икки минг йил давомида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ривожланган Ислом тарихи, маданияти ва турли тамаддунларга хос осори атиқалар, қадимий ва бой маданий меърос дурдоналарининг суратлари ва маълумотлари намойиш этилади. Шунингдек, Ислом динининг Марказий Осиёда тарқала бошлаганидан то ҳозирги кунга қадар фан, таълим ва архитектура соҳаларига қўшган ҳиссаси ҳам ўз ифодасини топади. Кўргазмаги аксарият суратлар Ислом дини ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Насаф ва Термиз каби қадимий шаҳарларнинг муштараклигини визуал тарзда акс эттиради.
Қайд этиш жоизки, кўргазмага ташриф буюрганлар Буюк Ипак йўлидаги ўзаро маданий алоқалар, минг йиллик Мовароуннаҳр диёри, ўзбек халқининг қадимий тарихи ва маданияти, санъати, меъморчилиги, урф-одатлари, турмуш тарзининг барча жабҳалари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишади.Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон
Ислом цивилизацияси маркази ҳамда мамлакатимизнинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси томонидан Малайзия Ислом санъати музейи билан ҳамкорликда ташкил этиладиган кўргазма 27 апрелга қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

801 марта ўқилди

Янгиликлар

Top