Ўзбекистон янгиликлари

Билимли аёллар жамият таянчи ҳақида давра суҳбати ўтказилди

Жорий йилнинг 1 март куни "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ёшлар ишлари бўйича муфтий ўринбосари Уйғун домла Ғофуров ва Таълим ва илмий тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин домла Шерхонов иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Унда Уйғун домла Ғофуров сўзга чиқиб, талаба қизларга билимли аёлларнинг жамиятдаги ҳамда фарзандлар тарбиясидаги аҳамияти, диний фанлар билан бир қаторда аниқ фанлар ва ижтимоий-гуманитар фанларни ҳам ўзлаштириш бугунги кун ва келажак пойдевори экани, кўҳна шарқ диёри етти иқлимга донғи таралган алломаларга бешик экани ва уларга муносиб бўла олиш лозимлиги ҳақида тўхталди. Шунингдек, талабаларга келгусида жамият ва Ватан тараққиётига кўплаб ҳисса қўшувчи шахслар бўлиб етишишлари учун муҳим тавсиялар берилди.
Давра суҳбати давомида талабаларга бадиий адабиёт ва тарихга оид маълумотлар ҳамда фойдали ва зарарли илм турлари ҳақида саволлар билан мурожаат қилинди.
Тадбир сўнггида таълим муассасасининг фидойи устоз, ходимлари ва талабаларга Фахрий ёрлиқлар тақдим этилди.
Хусусан, "Энг фидойи устоз" номли Фахрий ёрлиқ билан Aхмедова Муаттар, "Энг фидойи ходим" номли Фахрий ёрлиқ билан Мирахмедова Дилдора, "Энг намунали талаба" номли Фахрий ёрлиқ билан 3-курс талабаси Юсуфий Руқойя тақдирландилар.

"Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси матбуот бўлими

1222 марта ўқилди

Янгиликлар

Top