Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон арафасида ўтган йили фаол бўлган имом-хатиблар рағбатлантирилди

Кейинги йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуси билан соҳа ходимларини рағбатлантириш, молиявий кўмак бериш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.


Албатта, бу эътибору эътироф бежиз эмас. Чунки айни дамда имом-хатибларимиз аҳолининг диний эҳтиёжларини қондириш баробарида уларнинг турли муаммоларини ҳал этиш, маҳаллаларда соғлом муҳитни шакллантириш, ёшларни соф ислом таълимотида улғайиши ва оилаларнинг тинч-тотувлигини таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида йиллар давомида фидойи меҳнат қилиб келаётган ана шундай бир қатор ходимлар эътироф этилиб, тақдирланди. Уларнинг 2022 йил давомидаги фаолияти идора томонидан муносиб баҳоланиб, қимматбаҳо совғалар улашилди.
Жумладан, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Абдуллаев ва Қашқадарё вилояти “Хожа Бухорий” билим юрти мудири Ўткир домла Ғузоровларга музлатгич совға қилинди.


Навоий вилояти Томди тумани бош имоми Нурали домла Қўлдошев, Самарқанд вилояти Пахтачи тумани бош имоми Исроил домла Амириллаев, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Фахриддин домла Маманосиров, Ҳадис илми мактаби устози Ойбек домла Ҳошимовларга кир ювиш машинаси ҳадя қилинди.
Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Аҳмаджон қори” масжиди имом ноиби Ҳикматилла домла Абиев, “Вақф” фондининг Фарғона вилояти филиали раҳбари Бахтиёр Қирғизов ва “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёти муҳаррири Юлдуз Комиловаларга эса чангюткич туҳфа этилди.
Бундай эътироф ва эътибордан мамнун бўлган соҳа ходимлари идора раҳбарияти ва масъулларига ўз миннатдорлигини билдириб, хайрли дуолар қилдилар.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

841 марта ўқилди

Янгиликлар

Top