Ўзбекистон янгиликлари

Аҳоли муаммолари ўрганилди

2023 йил 14 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги, вилоят ҳокимлигининг жамоат ҳамда диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган навбатдаги сайёр йиғилиш Тайлоқ туманида ўтказилди. Тумандаги мавжуд 20 та масжид имом-хатиблари ва ноиблари ҳамда ҳамкор ташкилот масъулларининг ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 20 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилаларига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилиниб, ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари ўрганилди.
Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Тайлоқ туманидаги 20 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Рамазонга нафсимизни пойлайлик”, “Шукр қилиш фазилати”, “Ёшликни ғанимат билинг”, “Фитналарга берилмайлик”, “Тинчликнинг қадрига етинг”, “Силаи раҳмнинг фазилатлари”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ота-онага яхшилик қилиш улуғ савоб”, “Интернетдан фойдаланиш одоблари”, “Ёт ғояларга алданманг”, “Илм олиш фазилатлари” ва бошқа бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.
Ушбу тадбирлар давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагиларни ташкил қилди:
• Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 20 та. Шундан 12 тасида муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
• Кам таъминланган оилаларга ташриф: 100 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
• Ногиронлиги бор ва касалманд 5 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
• Нотинч оилаларга ташриф: 1 та. Бу оила ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
• Ичкиликка ружу қўйган 1 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Улар қилаётган ишларининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
• Қўшниси билан низолашган 1 та оиланинг ўртаси ислоҳ қилинди;
• ИҲМ тоифадаги 10 нафар фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг оила аъзолари билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг барчаси Юртбошимизнинг олиб бораётган ислоҳотларидан ғоят мамнун эканликларини айтиб ўтди;
• Узоқ муддатга хорижга бориб келган 5 нафар шахслар билан ҳамда хозирда хорижда юрганларнинг 3 нафарининг оила аъзолари билан учрашиб, уларга зарур кўрсатма ва маслаҳатлар берилди. Уларнинг барчаси мутаассиб фикрда эмаслиги маълум бўлди.
• Уюшмаган ёшлар билан 13 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 100 га яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
• Тумандаги 20 та масжидда Пешин намози ўқилиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маърузалар қилинди. Унда 2000 нафарга яқин намозхонлар иштирок этишди.
• Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори 15 350 000 (ўн беш миллион уч юз эллик минг) сўмни ташкил қилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

778 марта ўқилди

Янгиликлар

Top