Ўзбекистон янгиликлари

Диний таълим муассасаларида умумхалқ ҳашари уюшқоқлик билан ташкил этилди

Шу кунларда республикамизда “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда. Мазкур хайрли ташаббус Наврўз умумхалқ байрами ва муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида бўлиб ўтаётгани юртимизни янада файзга тўлдирмоқда.
Ҳашарлар маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, болалар майдончалари ва бошқа жойларни ободонлаштириш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилди.
Бундай озодалик тадбирлари барча ташкилоту идоралар қатори диний таълим муассасаларида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди. Хусусан, Тошкент ислом институти ҳашарда институт раҳбарияти, ўқитувчи ва ишчи хизматчилар ҳамда талабалар фаол иштирок этдилар. Институтнинг ички ва ташқи ҳудудларида ободонлаштириш ишлари билан биргаликда ўқув даргоҳининг дарс хоналари, маъмурий хоналар, кафедралар, ошхона, ахборот-ресурс маркази тозаланиб тартибга келтирилди. Шунингдек, институтнинг атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида бегона ўтлар юлиб ташланди, дарахтлар оқланди ва ҳовлидаги мавжуд ёнғин хавфсизлиги бурчаклари кўздан кечирилди.
Бундай ободонлаштириш ишларида Ҳадис илми мактаби, “Ҳидоя”, Мир Араб, “Кўкалдош” ва шу каби диний таълим билим юртларининг устоз ва талабалари фаол қатнашди.

Билим юрти матбуот хизмати

733 марта ўқилди

Янгиликлар

Top