Ўзбекистон янгиликлари

«Мулла Абдуғаффор ҳожи» масжиди очилди

Ойлар султони Рамазон яқинлашгани сайин юракларимиз ҳапқириб боряпти. Чунки мўмин-мусулмонлар бу ойнинг файзини, шукуҳини яхши билишади. Бу ойда ҳар бир амалга кўплаб савоблар, улкан ажрлар берилади. Айниқса, бу ойни янги масжидда кутиб олишнинг ва таровеҳларни гўзал жомеда адо этиб, хатми Қуръонларга сомеъ бўлишнинг таровати бўлакча.

18 март Тошкент вилояти Бекобод туманидаги “Мулла Абдуғаффор ҳожи” жоме масжиди қавми учун қувончли кун бўлди. “Исфара” маҳалласи аҳолиси шоду хуррам. Чунки бу ҳудудда гўзал жоме очилди.

– Алҳамдулиллаҳ, намозхонларимиз сони кўпайиб, эски масжидимиз ўрнида замонавий жоме қад ростлади, – дейди “Мулла Абдуғафффор ҳожи” масжиди имом-хатиби Комилжон домла Авазов. –

2021 йилда қурилиши бошланган жоме бу йилги Рамазон арафасида мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Янги масжидда бир вақтнинг ўзида 500 киши бемалол ибодатларни адо этиши мумкин. 24 метрлик гумбаз Бекобод–Тошкент катта йўлидан ўтган-қайтган йўловчиларнинг кўзига яққол ташланади. Бу маърифат масканимиз катта йўлга 300 метр масофада жойлашгани намозхонларга қулайлик яратади.

Масжиднинг очилиш маросимида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, домлалар, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар иштирок этишди.

Аллоҳнинг байти гўзал тарзда бунёд этилишига ҳисса қўшган барча азизларимиздан Аллоҳ рози бўлсин, дея очилиш маросими сўнгида хайрли дуолар қилинди.

 

 

 

 

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

603 марта ўқилди

Янгиликлар

Top