Ўзбекистон янгиликлари

Муборак ойда қутлуғ сафарга

Самарқанд вилоятидаги 100 нафар кам таъминланган ва ибратли оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар вакиллари, фахрийлар давлат томонидан берилган йўлланма асосида ушбу муборак кунларда Саудия Арабистонида Умра зиёратини амалга оширмоқдалар.

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 17 февраль куни Бухоро вилоятига сафарлари чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Президентимиздан кам таъминланган оилалар вакилларини Умрага юборишда давлат томонидан ёрдам беришни сўраган эди, – дейди Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов. – Юртбошимиз бу илтимосни қаноатлантириб, адолатли тақсимот қилиб берилса, ёрдам кўрсатишга тайёрликларини билдирганди. Ана шу ташаббус асосида вилоятимиз туман ва шаҳарларидан аҳоли сонига қараб, 7-8 нафардан, жами 100 кишининг рўйхати шакллантирилди. Бунда зиёратга борувчиларнинг маҳаллада, эл ўртасида ҳурмат-эътибор қозонгани, муқаддас сафарга боришга моддий имконияти етарли эмаслиги ва бошқа жиҳатлар эътиборга олинди.

Самарқандлик зиёратчилар икки гуруҳда – 17 ва 21 март кунлари Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Муқаддас сафарга йўл олган юртдошларимизни кузатиш маросимида вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли давлат ҳисобидан зиёратга бораётган инсонларга оқ йўл тилади.  

Айни пайтда – Рамазони шариф кунларида самарқандлик зиёратчилар Мадина ва Макка шаҳарларида Умра амалларини адо этмоқдалар.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

774 марта ўқилди

Янгиликлар

Top