Ўзбекистон янгиликлари

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, мўмин-мусулмонлар ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб олмоқдалар. Рамазон фазилатларга бой ойдир.

Унинг барча фазилатларига тўла тўкис эришиш учун ҳаммада ҳам билим ва маълумот етарли бўлмайди. Шу сабабдан бир - халқчил тилдаги, оддий ва содда қўлланма – кундалик дастур бўлса жуда ҳам яхши бўлади. Шунда ҳар куни унга бир назар солиб қайси амалларни қай тарзда, қачон ва қанақа эътиқод билан бажаришимизни ўзимиз учун белгилаб олар эдик.

Ушбу заруратларлан келиб чиқиб, рамазон туҳфаси сифатида шу каби қўлланма тайёрланди ва жамоатчиликка тақдим этилганини мамнуният билан ёдга олмоқчиман. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари “Рамазонни ғанимат билиб, унумли ўтказайлик” номли рамазонга бағишланган рисолани муштарийларга тақдим қилди. Ҳозирча ушбу рисола юртимиз аҳли илмлари, имом хатиб ва мударрисларга холисан лиллаҳ тарқатиб берилди. Иншааллоҳ, уламоларимиз ундан истефода қилган ҳолда жамоатга ундаги муҳим маълумот, эслатма ва тавсияларни бериб борадилар.

Рислоа билан танишар эканмиз, унда дастлаб, рамазон ойининг фазилатлари зикр қилинганига гувоҳ бўламиз. Кейинги саҳифаларда эса бизни огоҳликка даъват этилган. Сергак тортишимиз, чунки рамазон кириб келаётгани, унга қай даражада тайёр эканлигимизга назар солиш кераклиги ёдга солинади. Саҳифалар орасида турли эслатмалар оддий тил билан, тушунарли тарзда берилгани рўзадорнинг кундалик амалларига аниқлик киритиб олишига кўмаклашади.

Рисолада рўзанинг фоидалари, охиратдаги мукофотлари, бу ойдаги дуолар ҳамда зикр ва вирдлар ояти карима ва ҳадиси шарифлар асосида ёритилгани, ўқиб бораётган кишида тутаётган рўза ва амалларига иштиёқи янада ошишига хизмат қилади. Гоҳида рўзадорни шайтони лаъин васваса қилиб, тутаётган рўзасини тарк эттиришга, унинг савоб ва ажрларидан ноумид қилишга уриниши бор гап.

Саҳарлик ва ифторликка доир эслатмалар ҳам ўқувчига тақдим этилган. Баъзилар эринчоқликликлари туфайли саҳарлик қилишдан бош тортадилар. Саҳарликдаги фазилат ва барака билан танишган рўзадор асло уни узрсиз тарк этмаслиги аниқ бўлиб қолади. Рамазон ойининг кундузларини соим ҳолда ўтказувчи мусулмон киши тунларини қоим бўлган ҳолда ўтказиши, таровеҳ ва хатми қуръонларнинг савоби нечоғлигига рисолани кундалик қилиб олган киши амин бўлади.

Юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларнинг рамазон ойидан унумли фойланиб қолишлари, тутаётган рўзалари ва бажараётган амалларини мукаммал бўлиши, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни қабул этиши йўлида ушбу рисола ажойиб қўлланма ва кундалик бўлишини Аллоҳим насиб этсин.

 Зайниддин домла Эшонқулов – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби

767 марта ўқилди

Янгиликлар

Top