Ўзбекистон янгиликлари

Президент ташаббуси амалда: ушалмас орзу амалга ошди

Муборак Рамазон ойида юртимиздаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар вакиллари, фахрийлар давлат томонидан берилган йўлланма асосида Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида Умра зиёратини амалга оширмоқдалар.

Самарқанд вилоятидан ҳам 100 нафар юртдошимизга бу бахт насиб этди ва уларнинг биринчи гуруҳдаги 50 нафари қутлуғ зиёратни адо этиб юртимизга қайтиб келди.

— Кабатуллоҳни, пайғамбаримизни зиёрат қилиш ҳар бир мўмин ва муслима учун энг катта орзу ҳисобланади, – дейди Каттақўрғон тумани Мадраса маҳалласида яшовчи Сабоҳат Рўзиева. – Мен ҳам бутун умр шу ният билан яшаб келаётган эдим. Улуғ сафарга бориб келганларни зиёрат қилгани борганимда илоҳим мени ҳам шундай кунларга етказсин, деб ният қилардим. Ният қилардиму, ўзим ишонмасдим. Сабаби бу сафар учун қўлим калталик қилар, топганимиз рўзғордан ортмасди. Қолаверса, бунга шароитим ҳам йўқ эди. Қирқ йил ногирон фарзандга қарадим. Минг афсус жигарбандимнинг умри қисқа экан, яратган эгам ўзи берди, ўзи қайтариб олди. Уч нафар етимнинг бошини силадим. Балки шу азобларимга Аллоҳимнинг марҳаматидир, Президентимизнинг ғамхўрликлари туфайли 75 ёшимда давлат ҳисобидан муқаддас зиёратга бориш насиб қилди. Маҳалладан келиб, шу хабарни айтишганида, ишонмадим, кўзимдан дув-дув ёш оқди. Худди туш кўраётгандек эдим. Ҳокимларимизга раҳмат, ўзлари ҳужжатларимни тайёрлаб, кузатиб қўйишди. Мадина ва Маккани зиёрат қилиб, раҳбарларимизни дуо қилдик, юртимизга, халқимизга тинчлик-хотиржамлик сўрадик. Илоҳим, бизни қўллаганларни Аллоҳ сийласин, Президентимизнинг умрлари узоқ бўлсин.

Булунғурлик Акром отанинг ҳам куч-қувватга тўла дамлари жамоа хўжалигида ўтган. 42 йил механик, механизатор бўлиб ишлаган. 8 нафар фарзандни ҳалол меҳнат билан ўстириб, уйли-жойли қилган. Пенсияга чиққанидан кейин эса ўн йилдан ортиқ вақтдан буён Килдон қишлоғидаги масжидда хизмат қилиб келмоқда. Бу масканни обод қилишга ҳисса қўшмоқда.  

Акром ота давлат томонидан берилган Умра сафари йўлланмаси асосида олти нафар булунғурлик зиёратчилар қаторида бу улуғ амални бажариб келди. 

— Рамазон ойида Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиб келиш имконияти Президентимизнинг биз учун жуда катта совғаси бўлди, – дейди Акром Пармонов. – Бунинг учун барчамиз туну кун яратганга шукрона айтиб, давлатимиз раҳбарларини дуо қилдик, улуғ жойларда туриб, юртимиздаги тинчликни бардавом қилишини, халқимиз омон бўлишини Аллоҳдан сўрадик. Биз учун бундай зиёратлар ушалмас орзу эди, юртбошимизнинг инсонпарвар сиёсати туфайли орзуларимиз амалга ошди. Барча юртдошларимизга шундай ибодатларни бажариш насиб қилсин.

Самарқандлик зиёратчиларнинг иккинчи гуруҳи бугун тунда юртимизга қайтиб келади.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

 
779 марта ўқилди

Янгиликлар

Top