Ўзбекистон янгиликлари

Сурхондарё вилоятидан 100 нафар кам таъминланган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар, ибратли оилалар вакиллари, фахрийлар муборак Рамазон ойида давлатимиз берган йўлланма асосида Саудия Арабистонида Умра зиёратини амалга ошириш бахтига муяссар бўлди.

— Моҳи Рамазон ойида эҳтиёжманд оилалар вакилларининг муқаддас Умра зиёратига давлат кўмагида юборилиши ажру савоби беҳисоб тарихий воқеа бўлди,–дейди Сурхондарё вилояти бош имом хатиби Алиакбар Сайфуддинов. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 17 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров давлатимиз раҳбаридан кам таъминланган оилалар вакилларини Умрага юборишда давлат томонидан ёрдам беришни сўраган эди. Бу илтимос қаноатлантирилгани Умра зиёратига боришни ният қилиб, имконини топалмай турган кўплаб эҳтиёжманд юртдошларимизнинг орзусини руёбга чиқармоқда. Хайрли ташаббуснинг эзгулик, раҳмат ва мағфират, меҳр-мурувват ойида амалга оширилаётгани барчага бирдек қувонч улашмоқда.  

Сурхондарё вилоятида ҳам шу ташаббусга мувофиқ Термиз шаҳри ва туманлардан аҳоли сонига қараб, маҳалла-куй ва эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган, муқаддас сафарга боришга моддий имконияти етмаётган ва бошқа жиҳатлари ҳисобга олинган 100 нафар зиёратчи руйхати шакллантирилди. Умра зиёрати ҳаражатлари давлат томонидан қоплаб берилди.

Рамазони шариф кунларида муқаддас сафарга йўл олган сурхондарёликларнинг бир гуруҳи Умра зиёрати амалларини адо этиб, бир олам қувонч билан қайтиб келди. Улар сафида Шеробод туманидаги Олтин воҳа маҳалласида яшайдиган 65 ёшдаги Роза Ниёзова ҳам бор.  

Роза ая 38 йил таълим ва адлия тизимларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилди. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда халқимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Фидойилиги билан эл-юртда ҳурмат-эътибор қозонган меҳнат фахрийси хонадони маҳалладаги энг ибратли оилалардан биридир.

— Умра ибодатини адо этиш ушалмас ниятим эди. Лекин, имкониятимиз етмай турганди, – дейди Роза ая Ниёзова. – Ҳаж ва Умра сафарига бориб келаётганларни зиёрат қилганимда менга ҳам ғойибдан шундай ҳузурбахш неъмат ато этилишини сўрардим. Бу йилги Рамазон ойида бу ниятим ижобат бўлиб, давлат ҳисобидан Умра зиёратига бориб келдим. Жидда халқаро аэропортида бизларни махсус ишчи гуруҳ кутиб олиб, зарур қулайликларга эга замонавий меҳмонхонага жойлаштирди. Умра зиёратини тўла-тўкис бажаришимиз учун барча шароитларни яратиб берди. Биз Макка ва Мадина шаҳарларида ибодат амалларимизни бажараётиб, шу кунларга етказгани учун бундай эзгу ишнинг ташаббускори бўлган Президентимизга узоқ умр, олиб бораётган эзгу ишларининг бардавом бўлишини тилаб, дуо қилдик. Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, осуда, обод Ватанимиз ҳамиша тинч, фаровон бўлишини сўрадик. Ҳаётимизнинг куч-қувватга тўла йилларида кўрмаган шундай саодатли кунларни ином этаётган давлатимизга шукрона айтиб яшаш биз учун шарафли амал бўлаётганидан қувончимиз чексиз.  

Макка ва Мадина шаҳарларида Умра зиёратини тўла-тўкис адо этган навбатдаги гуруҳ эртага Сурхондарё вилоятига етиб келади.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА 

734 марта ўқилди

Янгиликлар

Top