Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратдан ҳадялар, уйли бўлиш саодати ва болажон қувончи

Шу йил 4 апрель куни Муфтий ҳазратлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари чоғида “Вақф” фондининг вилоят филиали томонидан қийналган оилага қуриб берилган хонадонни топшириш маросимида иштирок этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан янги уй соҳибига 10 миллион сўм пул, мебель жиҳозлари ва телевизор туҳфа қилинди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан муҳтож оилаларга зарур ёрдам ва хайр-эҳсонлар кўрсатилиб, уларнинг муаммоларига ечим топишда кўмаклашиб келинмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг Сурхондарё вилоятига сафарлари давомида ҳам бир қатор юртдошларимизга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилди.
Дарвоқе, Термиз тумани, “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Шукур Марданов ва унинг оила аъзоси анча вақтдан бери уйи йўқлигидан қийналишарди. “Вақф” хайрия жамоат фондининг Сурхондарё вилояти филиали томонидан уларга 5 хонали уй-жой қуриб берилди.
Янги уйни топшириш маросимида уламолар, маҳалла аҳли ва мутасаддилар иштирок этди. Муфтий ҳазрат янги уй-жойли бўлганларни муборакбод этиб, ҳовлида яхши кунлар, тўйлар бўлишини тиладилар.
Шунингдек, тадбир сўнгида Термиз тумани Бунёдкор маҳалласи “Янги давр” кўчаси 16-уйда истиқомат қилувчи Сафар Худойбердиевлар оиласига ҳам уй-жойининг атрофини девор тўсиқ билан ўраш, фарзандлари учун қўшимча хоналар қуриш ҳамда ҳозир яшаб турган хоналарни тубдан таъмирлаб бериш ишларига оқ фотиҳа берилди.
Ўз ўрнида уй соҳиблари ҳам бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўнгли тоғдек кўтарилиб, бу ишнинг бошида турганларни, инсонпарварлик сиёсати олиб бораётган давлатимиз раҳбарини дуо қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1124 марта ўқилди

Янгиликлар

Top