Ўзбекистон янгиликлари

Бутунжаҳон ислом уюшмаси Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Бутунжаҳон ислом уюшмаси бош котиби Шайх Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот давомида Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида Пайғамбар алайҳиссалом сийрати ва Ислом цивилизацияси инновацион музейини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шайх Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 17-18 август кунлари Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифи ва унинг доирасида Пайғамбар алайҳиссалом сийрати ва Ислом цивилизацияси музейига зиёратини мамнуният билан эсга олди. Унинг айтишича, ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги алоқаларни том маънода ривожлантириши билан бирга, қардош халқлар манфаатларига бирдек хизмат қилади.
«Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўплаб мусулмон давлатлар фуқароларига мамлакатингизга визасиз кириш тизими жорий этилгани ўзаро муносабатларни кенгайтириш билан бирга Ислом тамаддуни ривожига ҳисса қўшган буюк алломалар мероси ва тарихий обидаларни зиёрат қилишларига катта имконият яратиб беради», деди Бутунжаҳон ислом уюшмаси бош котиби.
Шунингдек, суҳбатдош сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича олиб бораётган оқилона сиёсатни катта қизиқиш билан кузатиб бораётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Президентининг Самарқандда Имом Бухорий мажмуасини барпо этиш бўйича билдирган ташаббуси – давлат раҳбари томонидан ислом уламоларига бўлган юксак ҳурмат ва эътибор эканлиги қайд этилди. Бош котиб мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, мажмуани барпо этишда Бутунжаҳон ислом уюшмаси барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишини маълум қилди.
Томонлар Янги Ўзбекистонда бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ мукаммал ишлаб чиқилган Пайғамбар алайҳиссалом сийрати, Имом Бухорий ҳаёти ва ижоди ҳамда ислом цивилизациясига бағишланган инновацион музейни қисқа муддатларда барпо этишга умид билдирди.
Учрашув якунида томонлар Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида Пайғамбар алайҳиссалом сийрати ва Ислом цивилизацияси инновацион музейини ташкил бўйича тажриба алмашишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

737 марта ўқилди

Янгиликлар

Top