Ўзбекистон янгиликлари

Уламоларимизнинг воҳа вилоятларига сафари давом этмоқда

Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг воҳа вилоятлари бўйлаб сафарлари Қашқадарёда давом этмоқда.

Шу йил 6 апрел куни Муфтий ҳазратлари Шаҳрисабз шаҳридаги "Сирожиддинхон Бурҳониддинхон ўғли" жоме масжидига ташриф буюриб, гўзал мавъиза қилиш билан бирга, хатми Қуръон ва таровеҳ намозини жамоат билан адо этдилар. Ушбу жараённи ижтимоий тармоқлардаги жонли эфир орқали кўп сонли мўмин-мусулмонлар ҳам кўриб, баҳра олишди.

Мазмунли суҳбат асносида Муфтий ҳазратлари намозхонларни ойлар султони бўлган муборак Рамазон ойи билан муборакбод этиб, улуғ ой фазилати, унда қилинадиган хайрли амалларга бериладиган ажру савоблар, уни гўзал ўтказиш бўйича оят ва ҳадисларни шарҳлаган ҳолда таъсирли мавъиза қилиб бердилар. Мазкур ташриф жамоатнинг хурсандчилигига хурсандчилик қўшди. Буни намозхонларнинг юзидаги табассум ва миннатдорлик сўзларидан кўриш мумкин.

Шунингдек, Сурхон воҳасида бўлиб турган бир гуруҳ воиз уламоларнинг ҳудуддаги масжидларга ташрифи ва манфаатли суҳбатлари ҳам қизғин давом этмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳар “Абдулҳамид ҳожи” масжиди имом-хатиби Жамолиддин домла Азимов Жарқўрғон туманидаги “Ҳазрати Билол” масжиди, Тошкент шаҳар “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Абдураззоқов Шўрчи туманидаги “Менггтўра ҳожи бобо” жомеси, Тошкент шаҳар “Қўшқўрғон” масжиди имом-хатиби Ўктам домла Маҳкамов Денов туманидаги “Ҳазрати Али” масжидига ва Тошкент шаҳар “Гўзал” масжиди имом-хатиби Равшанбой домла Раимқулов Сариосиё туманидаги “Сўфи Оллоҳёр” масжидига ташриф буюришди.

Уламолар ташриф асносида Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида мазмунли суҳбат қилиб бердилар. Улуғ ой билан мўмин-мусулмонларни қутлаб, савоблар хирмони бўлган ойда кўпроқ ибодат ва хайрли амаллар қилиб қолиш, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, ҳар жиҳатдан ёрдам қўлини чўзиш, шунингдек, диёримизда диний-маърифий соҳада бўлаётган эзгу ишларни эътироф этиш кераклигини баён этдилар.

Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги уламоларнинг воҳа вилоятларига сафарлари давом этмоқда. Тафсилотларни сайт ва ижтимоий тармоқларимизда кузатиб боринг.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

891 марта ўқилди

Янгиликлар

Top