Ўзбекистон янгиликлари

Уламоларнинг Рамазон суҳбатлари воҳа аҳлига манфаатли бўлмоқда

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда юртимизнинг бир гуруҳ воиз уламолари Рамазон ойи муносабати билан Сурхондарё вилоятидаги масжидларга ташриф буюриб, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларга улуғ ой фазилати ҳақида туркум суҳбатлар қилиб беришмоқда.

Ана шундай суҳбатларнинг навбатдагиси Тошкент шаҳар “Абдулҳамид ҳожи” масжиди имом-хатиби Жамолиддин домла Азимов иштирокида Қумқўрғон туманидаги “Шоҳ Машраб” масжидида, Тошкент шаҳар “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Абдураззоқов томонидан Олтинсой туманидаги “Аҳадхон” жомесида, Тошкент шаҳар “Қўшқўрғон” масжиди имом-хатиби Ўктам домла Маҳкамов иштирокида Денов туманидаги “Умари Одил” масжидида ва Тошкент шаҳар “Гўзал” масжиди имом-хатиби Равшанбой домла Раимқулов томонидан Узун тумани “Домулло Айниддин” жомесида бўлиб ўтди.

Уламолар мазкур жоме масжидларда намозхонларга “Рамазон – Қуръон ойи” мавзусида суҳбат қилишиб, жумладан, Ҳақ таоло Ўзининг каломи бўлган Қуръони каримни, инсонлар учун ҳидоят маёғи ҳамда дастурул амал бўлган манбани нозил қилиш учун айнан Рамазонни танлагани, шунинг учун Рамазон Қуръон ойи, Каломуллоҳ нозил бўлган ой дейилиши, Қуръони каримни тиловат қилишнинг фазилатлари ҳақида оят, ҳадис ва уламолар фикрлари асосида гўзал мавъиза қилиб бердилар.

Дарҳақиққат, Рамазон ойида қадимдан мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни тиловат қилиш, ўқиб-ўрганиш ҳамда эшитишга алоҳида бел боғлардилар. Рамазон ойи чинакамига ўқиш, ўрганиш ойига айланар эди. Чунки бу савобли амални Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар ва кейинги ислом уммати жорий қилган.

Ҳақ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят). Бошқа бир оятда Қуръони каримни Рамазон ойининг қайси кечасида нозил бўлгани ҳақида бундай дейилади: “Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр сураси, 1-оят).

Демак, Рамазон ойида қилинган битта яхши амалга кўплаб савоб берилишини ҳисобга олсак, бир ойгина меҳмон бўлиб турган Рамазон ойини Қуръон тиловати каби улуғ ишлар билан безаш лозим бўлади.
Улуғ айём кунлари воҳа аҳлини шод қилаётган уламолар ташрифи ва манфаатли суҳбатлар давом этмоқда.

Тафсилотларни сайт ва ижтимоий тармоқларимизда кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

891 марта ўқилди

Янгиликлар

Top