Ўзбекистон янгиликлари

Лувр музейида “Катта Лангар Қуръони” намойиши ниҳояланди

Хабарингиз бор, ўтган 2022 йилнинг 24 ноябридан 2023 йил 6 мартига қадар Вазирлар Маҳкамаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг масъуллигида Франциянинг Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазма ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси фондида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларининг икки саҳифаси ҳам намойиш қилинди. Кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мутахассислари Камолиддин Маҳкамов ва Саидраҳмат Икромов масъул сифатида иштирок этди.

Кўргазма якунлангач “Катта Лангар Қуръони” саҳифалари махсус жиҳозланган шиша қутидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Лувр музейи мутахассислари иштирокида эҳтиёткорлик билан олиниб, саҳифаларнинг сақланиши ва умумий ҳолати ўрганиб чиқилди.

Ушбу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси тасарруфидаги рақамли махсус электрон микроскоп орқали саҳифа асллиги ҳам текширилди. Барча натижалар халқаро талабларга жавоб бергани аниқлангач, топшириш ва қабул қилиш ҳужжатлари ва саҳифаларнинг сақланиш ҳолати қайд этилган (condition report) баённомалар ўзбек ва француз мутахассислари томонидан имзоланди.

Шундан сўнг саҳифалар аввал махсус картон, сўнгра ёғочдан ясалган қутиларга жойланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси масъул мутахассислари томонидан қўрғошин қопламали муҳрлар билан муҳрланиб, махсус сақлов хонасига жойлаштирилди.

“Катта Лангар Қуръони” саҳифалари Франциядан Тошкент халқаро аэропортига жорий йил 23 март куни етиб келди. Божхона ҳужжатлари расмийлаштирилгач, саҳифалар жойлаштирилган қути ички ишлар ходимлари ҳамроҳлиги ва кузатувида Диний идора кутубхонасига етказилди. “Катта Лангар Қуръони” саҳифалари жойланган қутининг қўрғошин қопламали муҳрлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов, Диний идора Кутубхона бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов, Маданий мерос агентлиги Бадиий экспертиза бошқармаси бошлиғи Фаҳриддин Рўзиқулов, шунингдек, Божхона қўмитаси ва Кутубхона бўлими мутахассислари иштирокида очилди.

Саҳифаларни қабул қилиш жараёнида уларнинг асл нусхалиги ва яхши сақланган ҳолатда етиб келгани маълум бўлди ва доимий сақлов хонасига жойлаштирилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Кутубхонаси бўлими

1025 марта ўқилди

Янгиликлар

Top