Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон – саховат, меҳру оқибат ва барокат ойидир

Жонажон диёримизда айни кунларда ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон уфуриб турибди. Бу муқаддас ойда мўмин-мусулмонлар бир-бириларига яхшиликларни улашади. Аллоҳ розилиги йўлида рўза тутишликни ният қилишади.

Рамазон ойи Қуръони карим барокати, гўзал хулқнинг фазилатлари билан зийнатланган муқаддас ойдир. Бу улуғ ойда қилинажак дуолар ижобат бўлади, ибодат ва хайрли амалларнинг ажри юксалади. Нафс турли иллатлардан тозаланиб, қалб покланади. Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Рўза араб тилида “савм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳда эса “тонгдан шомгача рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.  

Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган. “Бақара” сурасининг 183-оятида шундай дейилган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. Рамазон ойининг фазилатларини батафсил баён қилгувчи ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ривоят қилиб, жумладан бундай дедилар: “…Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсаридан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди.  

Рамазон – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади”, дедилар”. Ифтор пайтидаги дуолар ижобатдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч тоифа инсоннинг – рўзадорнинг ёки ифтор қилаётган рўзадорнинг, одил подшоҳнинг ва мазлумнинг дуоси мустажоб бўлади” (Термизий, Аҳмад ва Ибн Можа ривояти). Ифторлик қилиш деганда, албатта дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторликдир. Чунки шуниси риёдан холи бўлади.  

Айтиш жоизки, юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳукуматимиз олиб борилаётган хайрли саъй-ҳаракатларда устуворлик касб этади. Айниқса, халқимиз қонига сингиб кетган саховат, меҳру мурувват, бағрикенглик каби эзгу қадриятлар муқаддас Рамазон ойида яққол ифодасини топмоқда.  

Дарҳақиқат, инсонларнинг дарду ташвиши билан яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир. Ушбу ҳаётий ҳақиқат Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган эзгу ташаббуслар ижросида “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси сифатида ҳар қадамда намоён бўлмоқда. Президентимизнинг жорий йил 17 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров давлатимиз раҳбаридан кам таъминланган оилалар вакилларини Умра зиёратига юборишда давлат томонидан ёрдам беришни сўраган эди. Давлатимиз раҳбари мазкур таклифни якдиллик билан қўллаб-қувватлади. Бу эса энг аввало, одамийлик мамлакати – Янги Ўзбекистонда инсонга эътибор юксак даражага кўтарилгани, фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги, диний бағрикенгликни ҳар жиҳатдан кафолатланганидан далолатдир.  

Ташаббус қанот ёзиб, Рамазон ойи муносабати билан республикамиздаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар аъзолари, меҳнат фахрийлари давлат томонидан берилган йўлланма асосида Саудия Арабистонининг Мадина ва Макка шаҳарларида муқаддас Умра зиёратини адо этиш бахтига муаяссар бўлди. Жумладан, Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” да турувчи ижтимоий муҳофазага муҳтож кишилар, камбағал оилалар вакиллари, узоқ йиллар оддий ишда ҳалол меҳнат қилиб, кексалик гаштини сураётган нуронийлардан иборат 100 нафар ҳамюртимизга ҳам Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиш насиб этди.  

Умра зиёратига юборилган фуқароларни кутиб олиш тадбирлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари иштирокида уюшқоқлик билан ташкил этилди. Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилган ғамхўрликдан миннатдор бўлган зиёратчилар ўзлари кутмаган ҳолда бундай саодатли шодликка етишганликларини айтиб, меҳнатсевар халқимиз ва савобли ташаббус бошида турган Юртбошимиз ҳақига эзгу тилаклар билан дуога қўл очишди. Мамлакатимизда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Президентимизнинг 2023 йил 21 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори ҳам бунинг ёрқин далилидир. Мазкур қарорда одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳр-саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди.  

Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи чоғида билдирган яна бир эзгу ташаббуси билан вилоятимиздаги шаҳар ва туманларида, олис ва чекка ҳудудларидаги маҳаллаларда имом-хатиблар иштирокида маҳаллий ҳокимликлар кўмагида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонларида ифторлик дастурхонлари ташкил этилиб, уларнинг кундалик турмуши учун зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда маънавий-ахлоқий мавзулардаги китоблар тақдим этилмоқда. Шуни қайд этиш керакки, Рамазон ойи – дуолар ижобат бўладиган ойдир. Аллоҳ таоло унга дуо қилиб, илтижо қилишларини яхши кўради ва дуоларни кўплаб қабул қилади. Айниқса, Рамазон ойида дуолар ижобат бўлишига ишоралар бор.  

Қуръони каримда Рамазон рўзаси ҳақидаги оятлардан кейин қуйидаги оят келади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (“Бақара” сураси, 186-оят). Ушбу оятда мўминлар учун улкан башорат бордир. У ҳам бўлса – дуо ва илтижо қилувчиларнинг сўровларини ато этишга берилган илоҳий ваъдадир. Рамазон ойида қилиниши керак бўлган яна бир муҳим ишлардан бири – киши нафсини чиройли хулқлар билан безашга, уларга одатланишга ҳаракат қилиши лозим. Натижада Рамазон ойида ҳосил қилинган яхши кўникмалар: тақво, ихлос, сабр, шукр, қаноат, сахийлик, меҳрибонлик йил давомида бизга ҳамроҳ бўлади.  

Аллоҳ таоло муборак рамазон ойида тутаётган рўзаларимизни, тоат-ибодатларимизни ўзининг фазлу карами ила қабул қилиб, барчаларимизни улуғ ажру савобларга эриштирсин.  

Мусохон Аббосиддинов,  

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг 

Наманган шаҳридаги вакили, шаҳар бош имом-хатиби.  

ЎзА

869 марта ўқилди

Янгиликлар

Top