Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги учун овоз бердилар

Бугун, 30 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги учун умумхалқ референдумида иштирок этдилар.

Ватан келажаги ва халқ саодатини таъминлашда муҳим бўлган мазкур референдумда овоз бериш жараёни очиқлик ва шаффофлик асосида ўтмоқда. Муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган референдум ўтказиш участкасига келиб, Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўтказилган 576-референдумда қатнашдилар.

Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари ушбу участка мутасаддилари, нуронийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбат қуриб, мамлакатимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик ва овоз бериш жараёнлари муваффақиятли ўтишини тилаб, бундай дедилар:

– Алҳамдулиллаҳ, бугун тарихий воқеада иштирок этиш бахтига муяссар бўлдик. У ҳам бўлса, Конституциявий Қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдумида овоз бериш кунидир. Мен ҳам мана шу юртнинг бир фуқароси сифатида, ватанини севувчи мусулмон ўлароқ овоз беришда иштирок этдим. Дарҳақиқат, жамиятда қонунларнинг аҳамияти жуда катта. Адолатли қонунлар халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлиги асосидир. Шу боис ҳар бир юрт фуқароси жамият ишларида фаол бўлиши, яхшилик борасида барча билан ҳамкор бўлиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмонларни мақтаб: “Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур”, дея марҳамат қилган (Шўро, 38).

Ҳақ таоло мустақил Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, давлатимиз Раҳбари томонидан бошланган ислоҳотларга зафарлар берсин. Олдимизда турган ушбу муҳим тадбирни тинчлик-офиятда ўтказишимизни муваффақ айласин.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги овоз бериш жараёнларида диний соҳа ходимлари, айниқса, имом-хатиблар ва мударрислар ҳам фаол иштирок этиб, барчага намуна бўлганларини алоҳида қайд этиш керак.

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1114 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top