Ўзбекистон янгиликлари

Мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик

Тарихан Ўзбекистон ва Саудия Арабистони муносабатлари муштарак ва мустаҳкам ҳамкорлик асосларига қурилган. Ушбу алоқаларнинг янги тараққиёти эса 2017 йилга келиб янада жадаллаша бошлади. Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол-Сауд ҳазрати олийларининг таклифига биноан 2017 йил 20-21 май кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига ташриф буюрди ҳамда араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди.

2021 йилнинг 14-17 июль кунлари Подшоҳликнинг Ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фарҳоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи амалга оширилди. Унда шаҳзода Файсал Тошкентда ташкил этилган халқаро конференцияда иштирок этди ва Президент томонидан қабул қилиниб, бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, илмий тадқиқот йўналишида ҳам бир қатор ҳамкорликлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йил 15-22 декабрь кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академияси делегацияси Ар-Риёддаги Подшоҳ Абдуллоҳ ибн Абдулазиз номидаги араб тилига хизмат қилиш халқаро маркази, Подшоҳ Абдулазиз номидаги илмий мулоқот маркази, Тадқиқот ва таълим муносабаталари маркази, Ислом, вақф ва даъват ишлари вазирлиги, Жидда шаҳридаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки каби ташкилотларга ташриф буюрди.

Ушбу алоқаларнинг энг юқори нуқтаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 17-18 август кунлари икки Муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифи саналади. Мазкур ташриф доирасида кўплаб масалалар муҳокама этилиб, икки томонлама манфаатли ҳужжатлар имзоланди.

Қолаверса, ушбу сафар чоғида барча йўналишлар қатори илм-фан, маданият, диний соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳам бир қатор келишувларга эришилди. Энг муҳими, ушбу ташриф доирасида икки халқ ўртасидаги кўп йиллик дўстлик, биродарлик тамойилига асосланган алоқалар кўлами янада кенгайди.

Хусусан, аҳолининг ҳаж ва умра зиёратларини мукаммал адо этиш учун яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар йил сайин қулайлашиб, юртдошларимизни мамнун этмоқда.

Республикамизда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида “Жамоатчилик Кенгаши ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади.

Мамлакатимизда ҳаж сафарига эмин-эркин чиқиш 1991 йилда бошланган бўлса-да бироқ саноқли киши ҳаж амалини адо этарди. Маълум бир чекловлар бор эди. 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил ҳаж мавсумида зиёратчилар сони 5 000дан 7 000 нафарга оширилди. Ўтган йилги “Ҳаж-2022” тадбирида 12 000 нафар зиёратчи ҳаж ибодатини бажариб қайтган бўлса, яна бир неча минглаб Ўзбекистон фуқаролари умра амалларини адо этишди.

Шунингдек, бу ҳамкорликларнинг янада мустаҳкамлаш мақсадида 27-30  сентябрь кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб, икки томонлама манфаатли келишувларга эришди.

Ташриф доирасида ҳамкорлик муносабатларини такомиллаштириш, айниқса, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди. Шунингдек, ҳаж ва умра сафарига борувчи зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мамлакатдаги илмий марказлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш каби муҳим масалалар кўриб чиқилиб, тегишли масалалар юзасидан ҳамкорликлар ўрнатилган эди.

         Мазкур ҳамкорлик самараси улароқ диний-маърифий, маданий алоқалар ҳам тобора ривож топиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг 23 январидан 23 апрелига қадар Жидда шаҳрида Ислом санъати бўйича биринчи Биеннале бўлиб ўтди. Унда  Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Ўзбекистоннинг бой Ислом маданиятини халқаро жамоатчиликка кенг ёритиб берувчи қадимий ўлка турмуш тарзи ва газлама матолари жилосини ўзида мужассам этган 17 та ноёб музей ашёлари тақдим этилди. Кўргазма VIII асрга оид муборак Катта Лангар Қуръони, X-XII асрларга тааллуқли Самарқанд ва Афросиёб сопол кўза ва косалари, машҳур муҳаддис Имом Бухорийнинг XVII асрга мансуб «Саҳиҳул Бухорий» китоби нусхаси ҳамда бошқа экспонатлар тақдим этилди. Мазкур экспонатлар кўргазма иштирокчилари томонидан эътирофларга сазовор бўлди.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги бундай турли йўналишдаги ҳамкорлик ишлари янада тараққий этади, инша Аллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

899 марта ўқилди

Янгиликлар

Top