Ўзбекистон янгиликлари

Мусулмон уламолари халқаро уюшмаси билан ҳамкорлик янада ривожланади

Шу йил 9-11 май кунлари Қатар давлати сафари мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров Мусулмон уламолари халқаро уюшмаси Бош котиби Шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий билан учрашди.

Доҳа шаҳрида жойлашган бош қароргоҳдаги мулоқотда Шайх Қорадоғий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмон уммати учун аҳамиятли экани, бу юрт Ислом равнақига беқиёс ҳисса қўшгани, айниқса, Имом Бухорий хизматларини барча мусулмон халқлари юксак эътироф этишини билдирди.
Бош котиб жаноблари юртимиздаги ўзгаришларни кузатаётгани, хусусан Президентимизнинг халқаро минбарлардаги Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш борасидаги ташаббусларидан мамнун эканини изҳор этди.
Учрашувда Уйғун домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг эзгу тилакларини Шайх Қорадоғийга етказиш баробарида диний соҳадаги ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, икки ташкилот ўртасида меморандум имзолаш, юртимиз уламоларини уюшмага аъзо қилиш, диний соҳа ходимлари учун семинарлар ташкил қилиш, илмий ҳайъатлар тузиш ва муҳим мавзуларда анжуманлар ўтказиш каби масалалар ҳам кенг муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида, Мусулмон уламолари халқаро уюшмаси 2004 йилда 50 нафар уламо томонидан тузилган. Бош қароргоҳи Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган. Ташкилот мақсади – уламоларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш, уммат олдидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1124 марта ўқилди

Янгиликлар

Top