Ўзбекистон янгиликлари

Самарқандда устозларга эҳтиром кўрсатилди

Миллий ва диний қадриятларимизда ёши улуғларни эъзозлаш, устозу уламоларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш алоҳида ўрин тутади. Сабаби улар умрини дин ва халқ манфаати йўлида хизмат қилишга бағишлайди.
Бундай эҳтиром тадбири 14 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси билан ташкил этилди. “Самарқандда яшаб ўтган олим ва уламоларни хотирлаш ва қадрлаш” номидаги хайрли йиғин “Sam Sherin 786” компанияси ҳомийлигида ўтказилди.
Тадбирга оламдан ўтган устозларнинг оила аъзолари ва ҳозирда хизмат қилиб турган фахрий устоз домлалар ҳамда туман ва шаҳар бош имом-хатиблари ташриф буюрди.
Уни вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов очиб, вилоятда кўп йиллар дин йўлида хизмат қилиб ўтган устозларни хотирлади. Шунингдек, тадбирда Шайх Алижон қори ўзларининг мазмунли ва таъсирли маърузалари билан давом эттириб, йиғилганларни диний-маърифатдан баҳраманд этди.
Тадбир давомида дин йўлида узоқ йиллар хизмат қилиб ўтган устозларнинг ҳаёт йўллари ва хайрли ишлари акс этган видеолавҳа намойиш қилинди.
Унинг якунида эса фахрий устозларга эҳтиром кўрсатилиб, бу дунёдан ўтган устозлар яна бир карра ёд этилиб, улар ҳақига хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

931 марта ўқилди

Янгиликлар

Top