Ўзбекистон янгиликлари

Сингапур Президенти Ҳазрати Имом мажмуаси билан яқиндан танишди

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб ва унинг турмуш ўртоғи Муҳаммад Абдулла Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасига борди.

Олий мартабали меҳмонни Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Дастлаб меҳмонларга Ҳазрати Имом мажмуасининг бунёд этилиши ва замонавий услубда зийнатлангани ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ҳалима Яқуб хоним ташриф асносида Мўйи муборак мадрасасида сақланаётган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат қилди. Мартабали меҳмонга бу муборак Қуръон учинчи халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) буйруқларига асосан VII асрда кийик терисига кўчиртирилгани айтиб ўтилди. ЮНЕСКО ташкилоти 2000 йилнинг 28 августида ушбу Мусҳафнинг асл нусха эканини тасдиқловчи ҳужжат – сертификат берган. Суҳбат асносида мазкур Мусҳафнинг Ўрта Осиё заминига келтирилиши тарихи ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, олий мартабали меҳмонга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси лойиҳаси, ички ва ташқи дизайни, музей экспозициялари мазмуни бўйича ҳам маълумот берилди.

Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб мана шундай бетакрор тарихий обидаларни асраб-авайлаш, тарғиб қилиш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Буларнинг барчаси мусулмон олами вакиллари учун жуда аҳамиятли ва қадрли. Бу ердаги сокинлик, мусулмонларнинг зиёрат ва ибодатларини мукаммал бажариши учун яратилган қулайлик алоҳида эътироф этилди.

Гўзал САТТОРОВА, Отабек МИРСОАТОВ(сурат), ЎзА

1066 марта ўқилди

Янгиликлар

Top