Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро азон мусобақасида ўзбекистонлик муаззин биринчиликни қўлга киритди!

Жорий йилнинг 27 май куни Қирғизистон Республикаси Ош шаҳрида қирғизистонлик етук уламо Чубак Ҳожи Жалиловнинг ёрқин хотирасига бағишланган халқаро азон мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Қозоғистон муаззинлари ўзаро беллашди.
Мусобақада юртдошларимиздан Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани "Жиззахлик" жоме масжиди муаззини Ҳамзахон Дадаев ҳамда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси Мираъазам Ҳасановлар муносиб иштирок этди. Мусобақада Ҳамзахон Дадаев биринчиликни қўлга киритган бўлса, Мираъазам Ҳасанов ҳам фаол қатнашгани учун “Мақтов ёрлиғи” ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг ташаббуси билан устоз Шайх Алижон қори томонидан республикамиз муаззинлари ўртасида “Азон дарслари” ташкил этилган эди. Муаззинларимизнинг мазкур мусобақадаги иштироклари ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси бўлди, десак янглишмаймиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

880 марта ўқилди

Янгиликлар

Top