Ўзбекистон янгиликлари

Олий Маъҳад битирувчиларининг хатмона тадбири ўтказилди

Бугун, 2 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2019-2023 йиллар оралиғида таълим олган талабаларнинг “Хатмона – 2023” битирув тадбири бўлиб ўтди. Хатмонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, бир қатор уламолару олимлар, диний соҳа ходимлари, институтнинг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Битирувчиларни кузатишга бағишланган тантанали тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. Сўнг маросимни институт ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб, ташриф буюрган меҳмонлар ва битирувчиларни тантана билан самимий муборакбод этди ва уларнинг келгуси фаолиятларига муваффақият тилади.

Тадбирда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари битирувчиларни қутлар эканлар, келгусида динимиз ривожи ва халқимизнинг диний-маърифий камолоти йўлидаги хизматларига оқ йўл тилаб, хайрли дуолар қилдилар. Шунингдек, битирувчи талабаларни диний соҳа ходими сифатида иш бошлашлари, юртимиз уламолари сафига қўшилганлари билан муборакбод этдилар. Бунинг учун уларнинг устозлари ва ота-оналарига ташаккур изҳор қилдилар.

Шунингдек, хатмона тадбирида 2022-2023 ўқув йили якунлари бўйича юқори кўрсаткичларга эришган билим юрти талабаларига ташаккурнома, аъло ўқиши ва намунали хулқи, жамоат ишларида фаол иштирок этган талабаларга билим юртининг мақтов ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

980 марта ўқилди

Янгиликлар

Top