Ўзбекистон янгиликлари

Хайр-саховат – инсон зийнати

Яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, силаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олижаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади. Бинобарин, инсон эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилса, умрига, ризқига барака киради, ҳаёти осуда, қалби хотиржам бўлади.

Худди шундай фазилатлар халқимизнинг азалий қадриятига айланиб, ота-боболаримиз, момоларимиз ва дилбар аёлларимизнинг жасорати, ҳиммати ва имон-эътиқоди ҳамда ҳаёсида ўз аксини топган. Мазкур умуминсоний қадриятлар муқаддас Ислом динининг асосий манбалари – Қуръони Карим ва ҳадисларда кўп бора таъкидланган. Хусусан, Аллоҳ таоло Қуръон каримда: «Эҳсон-яхшиликнинг мукофоти фақат эҳсон ва эзгулик бўлажак» (Роҳман сураси, 60-оят) деб ўзгаларга яхшилик қилувчиларга дунё ва охиратда улкан мукофотлар борлигини маълум қилган.

Қурбон ва Рамазон ҳайитларида, Мустақиллик куни ва Наврўз каби айёмларда хайру саховат халқимизнинг азалий қадриятига айланганини ич-ичимиздан ҳис этамиз. Айниқса, Намангандаги 26-меҳрибонлик уйи хар қачон саховатпеша одамлар қадами билан файзли бўлади. Бу ерда уларга оила, ота-она меҳридан иссиқ тафтли шароит муҳайё қилинган. Хар куни, хар соатда ғамхўрликлар билан қуршаб олинганини ўзлари ҳис этадилар. Бироқ меҳр-мурувватли инсонларнинг келиши уларни янада мамнун этади.

Вилоятдаги жисмоний имконияти чекланганлар, болалар уйлари, қариялар мурувват уйи, шунингдек, эътиборга мухтож бошқа тоифадаги мактаб интернатлар ҳам борки, бу масканларда тарбия топувчилар жамиятимизнинг тўлақонли аъзоларидир. Уларни ижтимоий фаол ҳаётга тортиш ҳар бир шахснинг инсоний вазифасидир.

 

Муҳаммадхон НУРИДДИНОВ

Шодибекжоме масжиди имом-хатиби.   

6067 марта ўқилди

Янгиликлар

Top