Ўзбекистон янгиликлари

Меҳмонхонадаги шароитлар бизга ҳузур, ибодатимизга қувват бағишламоқда — Зиёратчилар

Макка шаҳридаги Ҳаж амалини адо этиш учун борган зиёратчиларимиз ўзлари истиқомат қилаётган меҳмонхоналарда ҳозирланган шароитлардан мамнун бўлишмоқда.

Ушбу муборак шаҳарнинг жанубий Азизия минтақасида жойлашган турар жойлардан бири “Ar-Roshidiya” меҳмонхонаси Ҳарами шариф масжидидан 5,5 километр узоқликда бўлиб, Каъбатуллоҳга 24 соат давомида замонавий автобус қатнови йўлга қўйилган. Бу ҳожиларимизга исталган вақтда ибодатларини Масжидул ҳаромда адо этиш имконини беради.

Мазкур янги барпо этилган 16 қаватли меҳмонхонанинг фойелари кенг ва ёруғ бўлиб, ҳожиларимизга 40 та замонавий лифт хизмат кўрсатади. Меҳмонхонанинг 2300 дан зиёд тўрт кишилик хонаси 9 300 нафардан ортиқ ҳожини ўз бағрига олади.

Ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам ҳозирланган. Шунингдек, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим ва телевизор ҳам мавжуд.
Бир вақтнинг ўзида 5 000 киши овқатланиши мумкин бўлган ошхонада зиёратчиларимиз ибодатга қувват бўладиган уч маҳал тансиқ таомлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.

Меҳмонхонада тиббий марказ ва Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, шифокор ва масъуллар 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳридан бирин-кетин Маккаи мукаррамага келиб жойлашаётган “Ar-Roshidiya”дан ташқари “Laba Darna”, “Abraj al-Dana”, “Ruba al-Hijaz” сингари меҳмонхоналар ҳақида ҳам келгусида маълумот берамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1088 марта ўқилди

Янгиликлар

Top