Ўзбекистон янгиликлари

Ал Ҳаким ат-Термизийнинг “йўқолган” асарларидан бири топилиб, нашр этилди

Ал Ҳаким ат-Термизий юртимизда тасаввуф ва тафсир илмининг ривожланишини бошлаб берган қомусий олим бўлиб, унинг Мовароуннаҳрда Қуръон шарҳига бағишланган илк асар сифатида баҳоланган китоби бугунгача “йўқолган” деб келинарди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Жўрабек Чўтматов изланиш олиб бориб, ушбу асар қўлёзмасини Туркиянинг Бурдур шаҳридан топди ва уни нашрга тайёрлади.

Дунё тадқиқотчилари эътиборига ҳавола этиш мақсадида асар араб тилида Истанбул шаҳридаги “Дор ал-кутуб-арабийя” нашриётида “Баҳр ат-тафсир” (“Тафсир уммони”) номи билан чоп этилди.

Китоб таҳририда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Маҳмуд Нормуродов, Фахриддин Худойназаров, Аббосхон Абдуллаев ва Умарали Ўлжаевлар ҳам иштирок этишди. Асар келгусида ўзбек тилида ҳам нашр этилади.

Маълумот учун, Ал Ҳаким ат-Термизий (820-932) 400 дан ортиқ китоб ёзган бўлиб, улардан 60 га яқини бизгача етиб келган. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истанбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

849 марта ўқилди

Янгиликлар

Top