Ўзбекистон янгиликлари

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибиятида Саудия Арабистони Ҳаж ва умра масалалари бўйича вазири билан учрашув бўлиб ўтди

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIC) Бош котибиятида Саудия Арабистони Ҳаж ва умра масалалари бўйича вазири Тавфиқ ар-Рабиъа билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон элчиси Улугбек Мақсудов бошчилигида мамлакатимиз Бош консуллиги ходимлари иштирок этдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда OIC котибияти ва тузилмалари раҳбарияти, 57 аъзо давлатнинг доимий вакиллари, элчилар ва бош консуллар ҳозир бўлишди.
Тадбир доирасида Саудия вазири Тавфиқ ар-Рабиъа нутқ сўзлаб, Ислом ҳамкорлик ташкилоти мусулмон давлатларнинг бирдамлик тузилмаси ва ислом олами вакили сифатида бир ярим миллиарддан ортиқ мусулмонларни ҳимоя қилиш шарафига эга эканлигини таъкидлади.
Тавфик ар-Рабиъанинг қайд этишича, “Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташкил этилганидан буён Макка ва Мадина шаҳарларидаги икки муқаддас масжидга келадиган зиёратчиларга хизмат қилиш шарафига муяссар бўлмоқда. Ҳозирги кунда йўлга қўйилган ҳаж ва умра тизимлари Подшоҳликдаги мутасадди вазирликлар, хизмат кўрсатиш, логистика ва хавфсизлик идоралари томонидан муваффақиятли амалга оширилган чораларнинг самараси ҳисобланади”.
Саудия Арабистонда Подшоҳ Салмоннинг кўрсатмасига биноан, “Saudi Vision 2030” стратегик дастури доирасида “Зиёратчиларга хизмат кўрсатиш” лойиҳаси амалга ошрилмоқда.
Шунингдек, зиёратчилар учун ҳаж ва умра ибодатини енгиллиштариш мақсадида кўпгина йирик лойиҳалар ҳам ҳаётга тадбиқ этилди. Шулардан энг йириги Макка шаҳридаги “ал-Ҳарам” масжидини кенгайтириш лойиҳаси бўлиб, унга 53,7 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфлангани ҳолда у тарихдаги энг катта бинога айлантирилди.
Транспорт ва логистикани янада такомиллаштириш доирасида “Ҳарамайн” тезюрар поезди ҳаракати йўлга қўйилди. Бу билан Макка ва Мадина шаҳарлари ўртасидаги масофа икки соатга қисқартирилди. Бу лойиҳа учун 16 миллиард доллар сарфланди.
Хорижий давлатлардан келадиган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Жидда халқаро аэропортининг янги биносини барпо этиш учун 17,2 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфланди.
Саудия Арабистони ҳукумати томонидан муқаддас қадамжоларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан бир қаторда Подшоҳлик Ҳаж ва Умра вазирлиги томонидан эътиборга молик ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Умра ва ҳаж хизматларини кўрсатувчи компаниялар ўртасида рақобат йўлга қўйилган. Бу эса зиёратчилар учун харажатларни камайтиришга, уларга кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширишга ҳисса қўшмоқда. Умра зиёратига борувчилар учун суғурта миқдорини 63 фоизга, ҳаж мавсумида зиёратчилар учун эса 73 фоизга қисқартириш ҳамда улар учун алоҳида тиббий хизматларнинг барқарорлигини таъминлаш ҳам адо этилмоқда.
Зиёратчилар сафарларини муваффақиятли ташкил этиш мақсадида “Маккага йўл” ташаббуси амалга оширилаётир. Ушбу лойиҳага етти давлат - Покистон, Малайзия, Индонезия, Марокаш, Бангладеш, Туркия, Кот-д'Ивуар қўшилган. Ҳозирги кунда Подшоҳликнинг мутасадди ташкилотлари ушбу ташаббус кўламини кенгайтириш масаласини бошқа мусулмон давлатлари билан биргаликда ишлаб чиқмоқда.
Шунингдек, Саудия Арабистонига мусулмонларнинг келишини енгиллиштириш мақсадида визани 24 соатдан камроқ муддатда расмийлаштириш, умра визаси муддатини 30 кундан 90 кунгача узайтириш, тўрт кунлик транзит визасининг йўлга қўйилиши барча турдаги визаларга эга бўлганларнинг Подшоҳлик ҳудудида бемалол ҳаракатланиши учун имконият яратди.
Шу билан бирга, зиёратчиларнинг Макка ва Мадинада фойдаланишлари учун тўққиз тилда 120 дан ортиқ турли хизматларни тақдим этувчи “Nusuk” электрон платформаси ишга туширилди.
Ўз навбатида, Жибути Республикасининг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили, Саудия Арабистонидаги дипломатия корпуси дуайени Зиёуддин Бамахрама барча аъзо давлатлар вакиллари номидан нутқ сўзлади.
У Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташкил этилган кундан то ҳозирга қадар умра ва ҳаж мавсумини ташкил этиш тизими такомиллаштириб борилганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

849 марта ўқилди

Янгиликлар

Top