Ўзбекистон янгиликлари

Масдуки БАИДЛОВИ: Давлатларимиз ўртасида зиёрат туризми салоҳияти жуда юқори

ЎзА аввал хабар берганидек, Индонезия вице-президенти Маъруф Амин бошчилигидаги делегация мамлакатимизга келган.
Юқори мартабали мулозимнинг матбуот котиби Масдуки Баидлови Ўзбекистон – Индонезия муносабати билан боғлиқ узоқ ўтмишга мурожаат қилар экан, юртимизни буюк ижодкорлар ватани, деб атади.
– Шу кунларда вице-президент рафиқаси билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бу раҳбаримизнинг мамлакатингизга илк амалий ташрифи. Кун тартибида муҳим масалалар бор: ҳамкорликни, айниқса, иқтисодий алоқани кенгайтириш, ўзаро инвестиция жалб қилиш.
Шерикликнинг жадал ривожланиши сифатида яқинда Ўзбекистон Тошкентдан Жакартага тўғридан-тўғри ҳаво йўли очганини эътироф этамиз. Бу борада юртингизни қўллаб-қувватлаймиз.
Ташрифнинг иккинчи куни тарих ва цивилизацияга асосланган. Маълумки, Ўзбекистон диний ва илмий фанлар билан боғлиқ интеллектуал соҳада бой тарихга эга диёр, Ибн Сино, Имом Бухорий, Нақшбандий, Имом Термизий сингари кўплаб улуғ ижодкорлар ватани ҳисобланади.
Индонезия ва Ўзбекистон ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш ҳар икки томон учун муҳим жиҳат, деб ўйлайман.
Масалан, Индонезия, Ўзбекистон ва Имом Бухорий шахси ўртасида мустаҳкам тарихий алоқа мавжуд. Ўйлайманки, вице-президент ҳам ушбу нуфузли ҳадис уламоси мажмуасини зиёрат қилади. Умуман, давлатларимиз ўртасида зиёрат туризми салоҳияти жуда юқори. Энг муҳими, айни йўналиш мамлакатлараро, минтақалараро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дарвоқе, индонезияликлар одатда Макка, Мадина зиёратига доим Миср, БАА ёки Туркия орқали учишади. Фикримча, Саудия Арабистонига боришдан олдин Ўзбекистонга келиб, Имом Бухорийни зиёрат қилиб, кейин бошқа амалларни адо этсак, яхши бўларди. Буни кўпчилик эътироф этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

728 марта ўқилди

Янгиликлар

Top