Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

Муҳтарам ватандошлар!

Ер юзидаги жамики ислом уммати қатори меҳр-мурувват, эзгулик ва саховат рамзи – муборак Қурбон ҳайитини катта шоду хуррамлик билан кутиб олаётган сиз, азизларни, барча юртимиз мусулмонларини, бутун халқимизни ушбу улуғ айём билан чин қалбимдан самимий табриклаб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Дилларимиз қувончга тўлган мана шундай қутлуғ дамларда аввало эл-юртимиз билан бирга Қурбон ҳайитига тинч-омон етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.

Айни пайтда бу муқаддас байрам моҳиятида мужассам бўлган тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик, инсонпарварлик ғоялари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга ошираётган ислоҳотларимиз, улкан мақсад ва вазифаларимизга уйғун ва ҳамоҳанг эканини ҳис этиб, кўнгилларимиз янада шукуҳга тўлмоқда.

Юртимиздаги ҳар бир маҳалла, шаҳар ва қишлоқдаги тинчлик ва ободлик, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Қурбон ҳайити сингари азалий байрам ва қадриятларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзининг фидокорона ва олижаноб меҳнати билан ҳаётимизни янада эркин ва фаровон қилиш, инсон қадрини улуғлашдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшаётган барча азиз юртдошларимизга чин дилдан самимий миннатдорчилик билдираман.

Қадрли дўстлар!

Кейинги йилларда юртимизда миллий ва диний қадриятларимизни ривожлантириш, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилаётгани барчангизга яхши маълум, албатта.

Хусусан, мўмин-мусулмонларимиз учун яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар туфайли мана шу Қурбон ҳайити кунларида 15 минг нафар ватандошимиз Маккаи мукаррамада муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда.

Уларнинг барчасини бугунги улуғ айём билан қутлаб, Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, оилаларимиз, фарзандларимизнинг бахту иқболини тилаб қилаётган дуолари ижобат бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Ҳеч шубҳасиз, кўп миллатли ва кўп конфессияли халқимизнинг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, гўзал юртимизни ягона Ватан деб биладиган барча миллат ва элат вакилларининг урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришга биз бундан буён ҳам алоҳида аҳамият қаратамиз.

Ишончим комил, барчамиз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Янги Ўзбекистонни, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаромиз тинч-осойишта, эркин ва фаровон яшайдиган, том маънодаги дўстлик ва бағрикенглик диёрига айлантирамиз.

Мана шу мунаввар лаҳзаларда дунёнинг узоқ-яқин ҳудудларидаги барча мўмин-мусулмонларга самимий табрикларимизни йўллаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик ва тараққиёт тилаймиз.

Ҳурматли ватандошлар!

Кейинги йилларда шаклланган яхши анъанамизга мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан бу йил ҳам бир неча кундан иборат дам олиш кунлари белгиланди.

Бу хонадонларимизга, ҳаётимизга Ийд ал-адҳонинг эзгулик нури, чинакам байрам кайфиятини олиб киришга хизмат қилади, деб ишонаман.

Муқаддас масканлар, улуғ аждодларимиз қадамжоларини зиёрат қилиш, мўътабар ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз, ёру биродарларимизни йўқлаш, кўмак ва ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, юртимиз бўйлаб саёҳатларни амалга ошириш учун бу – яна бир қулай имконият, десак, тўғри бўлади.

Сиз, азиз юртдошларимни, бутун халқимизни Қурбон ҳайити билан яна бир бор муборакбод этиб, байрамни оила, дўстлар ва яқинлар билан бирга файзли ва мазмунли ўтказишингизни тилайман.

Илоҳим, барча пок ниятларимиз амалга ошсин!

Юртимиз тинч, халқимиз доимо омон бўлсин!

Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўллаб-қувватласин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

914 марта ўқилди

Янгиликлар

Top