Ўзбекистон янгиликлари

МУФТИЙ ШАЙХ ҲАЗРАТЛАРИ: ШУКР ИМОННИНГ ЯРМИДИР

   Бугун, 7 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати имом" жоме масжидида жамоат билан жума намозини адо этиш ва жамоатга мавиъза қилиш учун ташриф буюрдилар.

Жума аввалида қориларнинг гўзал қироатлари йиғилганлари масрур этган бўлса, Шайх муфтий ҳазратларининг шукроналик ҳақидаги маърузаси барчани бир дам тафаккур қилишга ундади.

Шайх Нуриддин домла ўз сўзида Аллоҳнинг неъматлари чексиз эканини таъқидлаб, мўмин-мусулмонлар бу неъматлар ҳақида гапириши, эътироф этиши зарурлиги қайтди. Жумладан:
– Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилатдир. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Шукр қилишлик имоннинг яримидир” деган. Бошқа бир ривоятда эса “Имон - сабр ва шукрдан иборат” дейилган.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилишга амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва неъматларининг янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан бирини шукр орқали ифода қилган.

Буюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший эса ўзининг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтирган Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.

Яратган бизларга ато этган беҳисоб неъматларни ёдда тутиш, уни ўз вақтида қадрлай олиш ўша неъматларнинг давомийлигига сабаб бўлади. Шайх Саъдий айтганлар: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожиб”, зеро, нафас кирсаю қайтиб чиқмаса ёки чиқсаю қайтиб кирмаса, инсон ҳалок бўлишини таъкидлаб, инсон тансиҳатлиги учун, хотиржамлиги учун Яратганга шукрона айтмоқлиги лозим деганлар. Яхшиликка фақат яхшилик билан жавоб қайтариш улуғ фазилатлардан ҳисобланади.

Шайх муфтий ҳазратларининг гўзал мавъизасидан сўнг жума намози адо этилиб, юритимиз ривожи ва элу юрт ҳаққига хайрли дуолар қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

929 марта ўқилди

Янгиликлар

Top